English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учқудуқлик ўқитувчи малака (тест) синовида 100 балл олди
15:23 / 2025-11-14

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билимларини баҳолаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагоглари учун малака (тест) синовлари ўтказилмоқда.

Ушбу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. 

Малака тест синовларида Учқудуқ туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари фаол қатнашиб, юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Дилноза Қодирова аттестация жараёнларида иштирок этиб, 100 балл тўплаб, олий тоифасини янгилади.

– Юртимизда педагогларга малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинганлиги биз ўқитувчилар учун айни муддао бўлди, – дейди Д.Қодирова. – Бугунги ўтказилган тест синовида қатнашиб, 100 баллни қўлга киритдим. Жараёнлар шаффоф ташкил этилган. Инсон омили аралашган эмас. Барча ҳаракатингизни ўзингиз назорат қиласиз. Тажриба ва ўрганишларимдан олган хулосам шу бўлдики, устоз ёки педагог доимий равишда ўзига нисбатан талабчан ва ўз устида мунтазам ишлашни ташкил эта олса, албатта, юксак натижаларга эриша олади. 

 Бу натижа орқали Дилноза Қодирова республикада тенгсиз ва билимли педагоглардан бири эканлигини яна бир бор исботлади. Ёш бўлишига қарамай, унинг кўплаб шогирдлари юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жорий ўқув йилида устознинг 3 нафар ўқувчиси асосий фан олимпиадасининг туман босқичида ғолибликка эришиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

А.Бўриев, ЎзА