Учқудуқдаги иссиқхонада гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда
Навоий вилоятининг олис Учқудуқ туманида янги усулда иссиқхона шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
“Йўлчилар” овулида “GARANT UCHQUDUQ” МЧЖ томонидан илк маротаба гидропоника усулида, яъни тупроқсиз махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озуқа моддалари ёрдамида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Хитой технологияси асосида қуриб битказилган замонавий иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли гул ниҳоллари парваришланмоқда.
Умумий қиймати 500 минг долларга тенг бўлган иссиқхона тадбиркор Фарид Муратовнинг 100 минг АҚШ доллари миқдорида ўз маблағи ва “Ўзмиллийбанк” АЖ ташаббуси билан Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банкининг 400 минг АҚШ доллари ҳисобидан қуриб битказилган.
Айни пайтда бир гектарда деҳқончилик қилаётган тадбиркор кейинчалик иссиқхонани кенгайтириш ниятида.
Абдували Бўриев, ЎзА