Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Навоий” маҳалласида 30 ўринга мўлжалланган “PARVINA” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлади.
Ҳозирда туманда 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.

Туманда 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 3669 нафари ёки 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди.
– Оилавий боғчалар қулай, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Нигора Амонова. – Хонадоннинг бўш турган жойидан унумли фойдаланилади, маҳалладошларнинг фарзандларига таълим-тарбия берилади, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритилади. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олиш мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилса, кифоя.

Муассасанинг очилиш маросимида Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов, Учқудуқ туман ҳокими Соли Ҳамроев иштирок этиб, Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Кўплаб юртдошларимиз оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали эканлигини алоҳида эътироф этмоқда.

– Бугун фаолияти йўлга қўйилаётган уй-боғча олтинчиси бўлиб, маҳалламиз болалари учун совға бўлди, – дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. – Натижада маҳалламизда истиқомат қилувчи 4 нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.

– Ўғлим Нуржан шу боғчага қатнаяпти, – дейди ота-оналардан бири К.Алдамуратов. – Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар – ўйин майдончаси, машғулотлар хонаси ва дам олиш хоналари талабларимизга мос.
Жорий йил охиригача туманда яна 4 та оилавий уй-боғчаларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Натижада 3-7 ёшли болаларни боғчага қамраб олиш юз фоизга етказилади.
Абдували Бўриев, ЎзА