Навоий вилоятининг олис ҳудудларидан бири Учқудуқ туманида сўнгги кунларда кузатилаётган совуқ об-ҳавода барча тизимларда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг янада кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келмоқда.
Айниқса, “йўлчилар”нинг иши кўпайган. Сабаби об-ҳавонинг кескин совиши ва қор ёғиши муносабати билан автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш уларнинг асосий мақсадига айланган.


Туманда Автомобиль йўллари бўлимида махсус штаб ҳамда йўлларни тезкор тозалаш бригадалари ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 3 та махсус техника ва 30 нафар йўлсоз ходим жалб этилган ҳолда ишлар узлуксиз давом этмоқда.

Айниқса, туман марказидаги ички автомобиль йўлларини қордан тозалаш, юзага келган музламаларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий йўлларнинг катта қисми қордан тозаланиб, музлама ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида қум ва туз аралашмалари сепилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида транспорт воситалари ҳамда пиёдалар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароити яратилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири