Куч билим ва тафаккурда, деб бежиз айтишмаган. Шу боисдан юртимизда таълим сифатини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг билим ва салоҳияти, тарбиясини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай ғамхўрлик ўз мевасини бермоқда. Наманган вилояти Учқўрғон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги муассасаларда таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ўз интеллектуал қобилиятини намоён этиб, турли танлов ва олимпиадаларда эътироф этилмоқда.

Тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Олимжон Аҳмаджонов чет тилларини бошланғич синфданоқ ўрганади. Тил ўрганиш баробарида кимё фанини ҳам пухта ўзлаштириб, тинимсиз изланиши, фан олимпиадаларидаги фаол иштироки унга янги имкониятлар эшигини очмоқда. Истеъдодли ўқувчи инглиз тилини билиш даражасини аниқловчи халқаро “IELTS” синовида қатнашиб, 8 даражани қайд этди.

Комила Мирзомиддинова 4-синфни тамомлаб, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Учқўрғон тумани ихтисослаштирилган мактабига қабул қилинганида отаси Қаҳрамон ака ва онаси Барнохон ая жуда қувонди.
Тиришқоқлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган Комиладаги математика фанига қизиқишни кўра олган устози Иззатилло Абдуқаҳҳоров мунтазам равишда қўшимча машғулотлар олиб борди. Муаллимнинг меҳнатлари ва ўзининг изланувчанлиги самара бера бошлади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан ўтказилган “STEAM” фан олимпиадасида математика фани бўйича билимларини синаб кўрди. Вилоят босқичида ғолиблар сафидан ўрин олгач, Республика босқичида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Энди у олдига халқаро олимпиадалар совриндори бўлиш мақсадини қўйган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири