English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учқўрғон туманида янги ҳоким иш бошлади
14:18 / 2021-12-22

Халқ депутатлари Наманган вилояти Учқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди. Учқўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаган Азимжон Абдумуталович Ваҳобов фаолиятидаги камчиликлар сабабли ўз лавозимидан озод этилгани муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзоди илгари сурилди.

“Наманган ҳудудий электр  тармоқлари” корхонаси акционерлик жамияти бош директори лавозимида иш олиб бораётган Жаҳонгир Носиржонович Риззаев Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Жаҳонгир Риззаев 1986 йил 5 декабрь куни Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-энергетик.

Меҳнат фаолиятини 2008 йилда “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” очиқ акционерлик жамиятида ўта кучланишдан ҳимоя қилиш ва изоляцияни синаш хизмати электромонтёри бўлиб бошлаган. 2010-2018 йиллар давомида у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Электр энергетикада назорат бўйича “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Наманган ҳудудий бўлими, Косонсой ва Тўрақўрғон туман электр таъминоти корхоналари, Наманган вилояти ҳокимлиги, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамиятида турли масъул ва раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Жаҳонгир Риззаев 2018 йил 29 июндан буён ҳозирги пайтга қадар “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти бош директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Сессия ишида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА