Қулупнайчилик азалдан қишлоқ хўжалигида юқори даромад келтирувчи маҳсулотлар сирасига киради. Айниқса, бу борада Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида катта маҳоратга эга бўлган ҳамюртларимиз талайгина.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Учқўрғон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Навоий маҳалласидаги “Жавлонбек Райҳона” хусусий корхонаси томонидан икки гектар майдонда гидропоника усулида ташкил этилган қулупнай плантациясида бўлди.

Тадбиркор Умиджон Ибрагимовга қарашли ушбу плантацияда ҳозирги кунда ўттиз киши доимий иш билан таъминланган. Гидропоника усулида етиштирилган қулупнайлар маҳаллий ва хорижий бозорларга етказиб берилмоқда. Хусусан, бу мевага Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Россия, ҳатто Европа мамлакатларигача буюртмалар бор. Бу эса аҳолини иш билан таъминлашдан ташқари, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилаётганини кўрсатади.

Вилоят ҳокими қулупнайчиликдаги инновацион ёндашувларнинг аҳамиятини эътиборга олиб, келгусида шунга ўхшаш ташаббусларни янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА