Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрамига чинакам туҳфа сифатида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаларини боғловчи, Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳамда Жалолобод вилояти Ноокен тумани ҳудудларида жойлашган “Учқўрғон”-“Кенгсай” чегара божхона постларининг очилиши тили, дили, дини, қарашлари бир, азал-азалдан бир ариқдан сув ичиб келган ўзбек ва қирғиз халқларининг армонга айланган орзуларини рўёбга чиқарди.
ЎзА мухбири Учқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Расулбек Мадраҳимов ҳамроҳлигида Учқўрғон тумани Ёғду ва Бўстон маҳаллалари ҳамда қўшни давлатнинг Ноокен тумани Дўстлик қишлоғида бўлиб, маҳаллалар аҳли, оддий одамлар билан айни шу мавзуда суҳбат қурди.Уларнинг фикрлари билан қизиқди.

Умида Турдиева, Халқ депутатлари Учқўрғон тумани Кенгаши депутати, 49-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари:
– Шуни алоҳида мамнуният билан айтишим жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик ва биродарлик сиёсати туфайли “Учқўрғон” – “Кенгсай” автойўл ўтказиш пунктлари қайтадан замонавий кўринишда қурилиб, фойдаланишга топширилгани тарихий воқелик касб этди. Бундан бугун халқимиз беҳад хурсанд.

Чегара постларининг очилиши икки давлат ва халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларининг тикланишига катта имкониятларни яратди. Одамлар учун қўшимча даромад манбаи, янги иш ўринларига эга бўлишга замин ҳозирлади. Айниқса, ишсиз юрган ўнлаб маҳалладошларимиз ҳайдовчи сифатида фаолиятини йўлга қўйди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, икки эл аҳолиси учун Наманган ва Жалолобод вилоятларининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳатга бориш, туризм ривожи учун ҳам кенг йўллар очилади, деган умидимиз бор.

Ҳасанбой Абдураззоқов, Учқўрғон тумани “Ёғду” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Чегара ҳудудида жойлашган маҳалламиз 2010 йили “пост” ёпилганидан кейин бошқа ҳудудларга қараганда ривожланиш ва фаровонликдан орқада қолганди. Икки қардош элларни боғловчи чегара масканининг қайта ишга туширилгани биз учун катта байрамга айланди. Бундан “музлаб қолган” кўнгилларимиз ёришди. Эндиликда маҳалламиз ҳам ривож топиб, инфратузилма юксаладиган бўлди.
Афсуски, ҳозиргача қўшни мамлакат фуқаролари билан қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик, айниқса, маъракаларда бир-биримизни йўқлашнинг имкони бўлмади. Фақат телефон орқали ҳол-аҳвол сўраш билан чекланиб келдик. Чегара постларининг ишга туширилгани дилларни бир-бирига яқинлаштирди, бирлаштирди. Дўстлик, биродарлик, қардошлик янада мустаҳкамланадиган бўлди.
Бугунги кунда уч минг беш юздан зиёд аҳолиси бўлган маҳалламизда бошқа миллат вакиллари қаторида қирғизлар ҳам ўзаро аҳилликда истиқомат қилади. Улар орасида Қирғиз Республикасида туғилиб, юртимизда кўним топганлар ҳам бор. Чегара пости очилиши 647 хонадондаги маҳалладошларимиз ҳаётида туб бурилиш ясаши, шубҳасиз.
Дилафрўз Абдураззоқова, Учқўрғон туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси:
– Миллатим қирғиз. Бундан йигирма тўрт йил аввал Қирғиз Республикасининг Шамалдуу-Сай посёлкасидан Наманган вилояти, Учқўрғон тумани Ёғду маҳалласига зиёлилар оиласига келин бўлиб тушганман. Мана, чорак асрдан буён турмуш ўртоғим билан ўзаро аҳилликда бахтли-саодатли ҳаёт кечириб, бир қиз ва икки ўғил фарзандни камолга етказмоқдамиз. Тўнғич фарзандим Нилуфар изимдан бориб, муаллималик касбини эгаллаб, ўзим ишлаётган мактабда фаолият кўрсатмоқда. Ўғлим Дилшод Наманган давлат университети физика-математика факультетига ўқишга кирган бўлса, кенжам Давлатали мактабнинг 6-синф ўқувчиси.
Мен ўзимни Ўзбекистонда бахтли оила бекаси, бахтиёр она сифатида кўраман. Лекин дилимда биттагина армоним бор эди, яъни узоқ йиллардан бери ота-онамни кўришга боролмаганим учун чегараларимиз очилармикан, деган умидда юрардим. Ниятларимиз амалга ошди.
Ўзбекистон ва Қирғиз Республикалари давлат раҳбарларининг ўзаро келишувлари самарасида Учқўрғон ва Ноокен туманларини боғловчи чегара пости очилишини эшитганда кўзларимиз севинч ёшларига тўлди. Оила аъзоларимиз билан тантанали очилиш маросимига, қўшни давлатдаги яқин қариндошларимиз дийдорига ошиқдик. Айниқса, онажоним билан ҳеч қандай тўсиқларсиз бемалол кўришишдек бахтни сўз билан ифодалаб беролмайман.
Боиси, уйимдан туғилиб ўсган қишлоғимгача бўлган 10 километрлик манзилга бориш учун кейинги пайтларда Андижон вилоятидаги чегара орқали 500 километр масофа йўл босардик. Мана энди йўлларимиз яқин, мушкулларимиз осон бўлди. Туркий халқлар оиласига мансуб ўзбек ва қирғиз халқлари минг йиллардан буён бир ариқдан сув ичиб, бир нонни бўлишиб, иноқликда яшаб келишган. Бирмунча узилиб қолган алоқаларимиз қайта тиклангани ўзаро қуда-андачилик, қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлайди. Борди-келдимиз осонлашгани учун энди биз Қирғиз Республикасидаги оилаларга бемалол қиз бериб, қиз олиб, тўй-у шодиёналар қиламиз.
Раҳимжон Тошмирзаев, Қирғиз Республикаси, Ноокен райони Дўстлик қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси:
– Ёшим 65 да. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги кичик тоғамни йўқлаб қайтяпман. Ҳеч қандай қийинчиликсиз бемалол бориб келдим. “Учқўрғон” ва “Кенгсай” чегара постларидаги ходимларнинг муомала маданияти аъло. Ҳар икки чегара пости яқинида ҳайдовчилар айтган манзилингизга элтиб қўйишади. Тарихий ва диққатга сазовор жойларга экскурсия хизматларини таклиф қилишмоқда. Шундай саодатли кунларни бундан олти-етти йил аввал тасаввур қилиш қийин эди.
Қишлоғимизда асосан ўзбек миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Чегара зонада жойлашгани сабабли ташқи муҳитдан узоқлашиб қолгандик. Охирги йилларда имконияти борлар анча йўл босиб, қўшни вилоят орқали қариндоши ёки қуда-андасини кўриб келарди. Шунга ҳам боролмаганлар кўп бўлган. Мана, шундоқ ёнгинамизда чегара пости ишга тушди. Бунинг учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда мамлакатимиз Президенти Садир Жапаровга миннатдорлик билдираман.
Рислиқжон Мамадалиева, Қирғиз Республикаси, Ноокент райони Дўстлик қишлоғида истиқомат қилувчи уй бекаси:
– Ўзим наманганликман. Қирғизистон заминига 1978 йилда турмуш ўртоғим билан деҳқончилик учун келганмиз. Кейинчалик тақдир тақозоси билан шу жойларда муқим қолдик. Оила қуриб, фарзандларимизни камолга етказдик. Икки ўғлимга келинларни Чортоқ ва Учқўрғон туманларидан олганман.
Қирғиз халқи билан яхши илиқ муносабатда бўлиб келдик. Шоличилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, кун кечирдик. Фақат бир кемтик дилларимизга оғриқ берарди. Йиллар давомида постларнинг беркилгани сабабли қийналдик. Ота-онамиз, ака-укаларимиз, яқин қариндошлар ва қудаларимизнинг дийдоридан узоқда бўлдик. Ҳатто постларга бориб, ўтолмасдан ортга йиғлаб қайтган кунларни ҳам бошдан кечирдик.
Қирғиз Республикаси ҳамда Ўзбекистон давлат раҳбарларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан энди икки халқ учун йўллар очилди. Чегара постларимиз яна ўз фаолиятини бошлади. Икки томонлама транспорт қатнови йўлга қўйилди. Келинларим энди бемалол ота уйларига бориб келадиган бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, бирдамлик, ҳамкорлик ҳамиша бардавом бўлиши тарафдоримиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/fyyTXflDDqg?si=dkZt-6akw96BFwE6" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев ёзиб олди.