Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Учқўрғон” – “Кенгсай”: орзулар рўёбга чиққан тарихий воқеа
23:49 / 2025-09-13

Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаларини боғловчи, Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳамда Жалолобод вилояти Навкент тумани ҳудудларида жойлашган “Учқўрғон” – “Кенгсай” чегара божхона постларининг очилиши азал-азалдан бир ариқдан сув ичган, тили, дили ва дини бир бўлган ўзбек ва қирғиз халқларини бир-бирига яқинлаштириш, армонга айлана ёзган орзуларини рўёбга чиқарган катта тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик ва биродарлик сиёсати туфайли замонавий кўринишда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу чегара автойўл ўтказиш пунктлари икки давлат ва халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларининг қайта тикланиши асносида одамлар учун қўшимча даромад манбаи, янги иш ўринларига эга бўлишга ҳам замин ҳозирлади. 

Наманган вилояти божхона бошқармасининг “Учқўрғон” чегара божхона пости туну-кун фаолият юритиб, мазкур юрт остонаси орқали кунига ўртача уч минг нафар фуқаро ҳамда 85-90 та юк ва 190-200 та енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланмоқда. 

– Бугунги кунда “Учқўрғон” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган автоуловларнинг оқими тобора ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь ойида пост орқали бир кунда ўртача 120-125 та транспорт ҳаракатланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 350-400 тани ташкил қилиб, уч баробарга ошди, – дейди Наманган вилояти божхона бошқармаси масъул ходими Анастасия Атаханова. – Шу ўринда қайд этиш даркор, жорий йил бошидан буён юкли транспорт воситаларининг ойлик пост орқали ҳаракати кириш йўналишида 743 тадан 1025 тага, чиқишда 554 тадан 1 минг 532 тага, енгил автотранспорт воситалари ҳаракати киришида 1 минг 180 тадан 3 минг 444 тага, чиқишда эса 1 минг 253 тадан 3 минг 507 тага ортди. 

Пост кириш йўналиши орқали ҳаракатланаётган юкли транспорт воситаларининг 224 таси миллий ташувчилар, 2014 таси эса Қирғиз Республикаси ташувчиси ҳисобланса, чиқиш йўналишида 693 та миллий ташувчи, 2 минг 109 та қўшни мамлакат ташувчисини ташкил қилди.

Ҳар икки чегара постлари орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларининг 55 фоизи экспорт, 45 фоизи эса импорт асосида ҳаракатланмоқда. Экспорт йўналишида 4 миллион 792 минг доллар қийматидаги товарлар экспортга чиқарилган бўлиб, ҳаракатланган юклар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, тарвуз, қовун, пиёз, гилос ва помидор, шунингдек, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, салқин ичимликлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Импорт бўйича эса қиймати 1 миллион 345 минг долларга тенг товарлар олиб кирилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини маккажўхори, мазут ва нефть маҳсулотлари, ёнғоқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташкил этмоқда. 

Дарҳақиқат, икки қардош элни бир-бирига янада яқинлаштирган “Учқўрғон” – “Кенгсай” чегара божхона постлари Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси фуқароларини эмин-эркин ҳаракат қилишларига катта имконият яратиши билан бир қаторда бошқа Марказий Осиё мамлакатларига транзит йўл вазифасини ҳам ўтамоқда.

– Қозоғистоннинг “Голга” дам олиш туристик зонасига йўл оляпман. Бу жойда дўстларимиз билан биргаликда тадбиркорлик қиламиз. Чегара постини очилгани узоғимизни яқин, мушкулимизни янада енгил бўлишини таъминламоқда, – дейди Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Ҳасанбой Ҳайитбоев. – Илгари Алматига бориш учун енгил автомобилда Тошкент вилоятидаги чегара маскани орқали ўтиб, нақд 1 минг 200 километр масофа юрардик. Учқўрғондаги чегара божхона постининг ишга тушгани йўлимизни 400 километрга яқинлаштирганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу билан олти соатлик вақтимиз ҳам тежалмоқда.

Вилоят божхона бошқармасидан маълум қилинишича, “Учқўрғон” чегара божхона пости орқали кириш ва чиқиш йўналишида бир кунда ўртача 3 минг 500 – 3 минг 800 киши ҳаракатланмоқда. Мазкур кўсаткич пост фаолияти тикланган вақтда кузатилган ҳаракатга, яъни ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан тўрт баробарга, 2025 йил январь ойига ҳолатига эса 3,5 баробарга ошган.

Пост орқали ҳаракатланаётган фуқароларнинг асосий қисмини Қирғиз Республикаси ва Қозоғистонга ишлаш ёки дам олиш учун бораётган мамлакатимиз фуқаролари ҳамда Ўзбекистонга турист сифатида келаётган Қирғиз Республикаси фуқароларини ташкил қилади. Фуқароларнинг оқими шу йилнинг 25 майидан 10 июлига қадар Наманган шаҳрида ўтказилган 64-Халқаро “Гуллар фестивали” муносабати билан сезиларли даражада кўпайди.

Чегара – ҳар бир давлатнинг остонаси ҳисобланиб, сиёсий-иқтисодий жиҳатдан муҳим  стратегик аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан ҳам “Учқўрғон” чегара божхона постида турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тизимли равишда чора-тадбирлар кўрилади. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, 100 та ҳолатда 905,2 миллион сўм миқдоридаги товарларнинг чегарамиз орқали ноқонуний ҳаракати билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, тегишли процессуал чоралар кўрилган.    

Хусусан, ушбу даврда “Учқўрғон” чегара божхона пости ходимлари томонидан бешта ҳолатда 23 минг 450 доллар ноқонуний ҳаракатнинг олди олинган бўлса, битта ҳолатда оғирлиги 82,18 грамм бўлган саккиз дона 585 пробали узук, етти жуфт 585 пробали балдоқ, шунингдек, 10 та 375 пробали болалар узуги ва 21 жуфт болалар балдоқлари кўринишидаги заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб чиқишнинг, қолаверса, яна бешта ҳолатда учувчисиз учиш аппаратларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ҳолатларнинг олди олинган.

Сен тинч қўшнинг тинч. Дарҳақиқат бу мақол бир лаҳза ҳам ўз қимматини йўқотмайди. Қадриятларимиз сифатида асрлар оша яшаб келаётган бу сўзда олам-олам маъно яширинган. Айнан буни чегарада доим сергак турган, ҳар бир ҳаракатни синчковлик билан кузатаётган фидойи инсонларга айтса муболаға бўлмайди. Эл-юрт тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида туну-кун меҳнат қилаётган мард ўғлонлар бор экан тунимиз осуда, кунимиз мазмунли ўтади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.