Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учкўприклик ёшларга хорижий тил ўқув курслари учун тўловлар харажатлари қоплаб берилмоқда
18:39 / 2025-02-17

ФОТОРЕПОРТАЖ

Мамлакатимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, ўзи танлаган йўналишда етук мутахассис бўлиши учун барча шароит яратилган. Ўқийман, ишлайман, деган ёшларга ҳар томонлама кўмак бериляпти.

Бу борада Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 27 июндаги “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда қонуний, хавфсиз ва тартибли миграцияни ташкил этиш мақсадида Германияда таълим олиш ҳамда ишлаш истагида бўлган ёшлар тумандаги касб-ҳунар мактабларида немис тилига ўқитилмоқда.

[gallery-21784]

– Ёшларга ҳар томонлама қулай бўлиши учун туманимизнинг учта ҳудудида немис тили ўқув гуруҳларини ташкил этдик, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги Учкўприк тумани бўлими раҳбари Ботир Шокиров. – Айни кунларда 138 нафар йигит-қиз мазкур курсларда Германияда таълим олиш ва ишлаш имконини берувчи сертификатга эга бўлиш учун сабоқ олмоқда. Жорий йилда 100 нафардан зиёд ёшни таълим олиш ва ишлаш учун Германияга жўнатишни режалаштирганмиз.

– Ёшлигимдан Европа давлатларидан бирида ишлаб, у ердан тажриба тўплаб келишни орзу қилардим, – дейди ўқув курсларида 8 ой таълим олиб, тегишли сертификатни қўлга киритган 24 ёшли Худойберди Эргашев. – Ёшлар ишлари агентлигининг амалий ёрдами билан орзуим амалга ошяпти. Насиб қилса, март ойида Германияга таълим олиш ва ишлаш учун кетаман. 

Таъкидлаш керакки, ушбу немис тили ўқув курслари учун тўловлар “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА