Учкўприк туманида фаолият олиб бораётган «Меҳригиё» кичик корхонаси Фарғонанинг «ташриф қоғози»га айланган.
25 гектар майдонда годжи, папайя, мушмула, қаҳва, киви, банан каби цитрус мевалардан тортиб, резавор ўсимликлар, турли доривор гиёҳлар етиштирилаётган маскан юртдошларимиз, шунингдек, хорижликлар эътиборини қозонган.
Корхона қошида «Доктор Али» саломатлик маркази, фитобарлар мажмуаси, доривор маҳсулотлар кўргазмаси, гастрономик марказ ҳам ташкил этилган. Бир томонда лаванда, розмарин, киви, иккинчи томонда папайя, гуава, зайтун плантациялари, Дамашқ атиргуллари, она табиатнинг шифобахш ва дармонга бой ўсимликларини кўриш мумкин.
[gallery-2464]
2018 йили Ўзбекистон туризм объектлари рўйхатига киритилган «Меҳригиё»да экологик тоза дори-дармонлар турини кўпайтириш ишларига жадал киришилган. Айни пайтда мутахассислар ноёб ўсимликларни маҳаллийлаштириш ва улардан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш устида изланишлар олиб бормоқда. 150 нафар доимий, 50 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилаётган корхонада доривор гиёҳлардан 113 турдаги чой, 10 хил зиравор, 12 турдаги шифобахш ёғ, 14 хил сироп ва асал, 7 турдаги косметик ва антисептик воситалар ишлаб чиқарилади. «Меҳригиё» маҳсулотларининг Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда ҳам ўз харидорлари бор. Ҳозирда Европа ва Саудия Арабистони билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
– Ҳудудимизда етиштирилаётган ўнлаб ноёб турдаги доривор гиёҳларнинг шифобахшлиги, хусусан, зайтун баргларидаги олеуропеин моддаси яширин инфекцияларга қарши табиий ҳимоя ҳисобланиши, расторопша ўсимлиги ўзида экзема, қийин битадиган яралар, куйишга малҳам бўлувчи, инфаркт ва инсультнинг олдини олувчи хусусиятлари эгали диққатга молик, – дейди «Меҳригиё» корхонаси ижрочи директори Хондамир Нуриддинов. – Корхонамизда экотуризм ва тиббиёт туризмининг истиқболини кўриш мумкин. Айниқса, махсус ароматерапия хонаси, у ердаги лаванда, мойчечак гуллари ифори, турли мой ва дамламалар ҳар қандай инсонга енгиллик бахш этади. Улкан майдонларда ўстирилаётган ноёб гиёҳлар экотиббиётнинг энг асосий омилидир. Жорий йилнинг 6-16 июнь кунлари бу ерда Лаванда фестивалини ўтказишни режалаштирганмиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА