Фарғона вилояти Учкўприк тумани марказидан ўн беш чақирим олисда жойлашган “Тожик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан томорқада цитрус мева – лимон етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Ҳозирги кунда ҳудуддаги 760 та хонадонда 4 минг 100 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисига томорқа сифатида ажратилган 47 гектар ернинг 36 гектарида иссиқхоналар ташкил этилган.
Аҳоли томорқаларида лимон парваришлаш мақсадида бундан йигирма йиллар олдин тажриба сифатида бошланган ишлар бугун маҳалланинг “ўсиш нуқталари”дан бирига айланган. Маҳаллада лимончилик жадал ривожланиб, шунинг баробарида лимон кўчатлари етиштириш, ички бозорда сотиш ва хорижга экспорт қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Камолхон Туропов маҳалланинг лимон етиштириш борасида катта тажрибага эга миришкор деҳқонларидан ҳисобланади. Ҳамқишлоқлари сингари унинг хонадонидаги термос усулида иситиладиган 20 сотихли камхарж иссиқхонасида йилига ўртача 14 тонна лимон олинади. Бугун бозордаги энг арзон нархда ҳам бу 70-80 миллион сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳудудда етиштирилган лимон ва мева-сабзавотларни қиш мавсумида ҳам бир маромда сақлаш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан 1 минг 150 тонна сиғимга эга иккита замонавий музлатгичли омборхона барпо этилган.
Ҳозирда учкўприклик миришкор томорқачилар томонидан кунига 20-40 тонна лимон Россиянинг турли ҳудудларига экспорт қилинмоқда.

Маълумот учун, Учкўприк туманида 13 та маҳалла фуқаролар йиғини лимон етиштиришга ихтисослашган. Мазкур маҳаллалардаги хонадонлар томорқаларида қарийб 73 гектар иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига ўртача 4 минг 500 тонна лимон етиштирилади. Жорий йилда етиштирилган лимон ҳосилининг 3 минг тоннага яқинини хорижга экспорт қилиш ва 3 миллион 600 минг доллардан ортиқ валюта тушумини таъминлаш кўзда тутилган.
Айни вақтда туманда қишлоқ хўжалигида янги тармоқ, цитрус мева - лайм етиштириш ривожланмоқда. Авваллари лаймлар хориждан импорт қилинган бўлса, энди маҳаллийлаштириш эвазига ички истеъмолдан ортган маҳсулот чет давлатга экспорт қилинмоқда. Жорий мавсумда вилоят божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан қиймати 14,7 минг долларлик, 14,9 тонна лайм маҳсулоти экспортга расмийлаштирилган.
М. Сулаймонов, ЎзА