Фарғона вилояти Учкўприк тумани хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланади.
Бу ерда бўлиб ўтган туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари ҳамда мутахассислари, тегишли ташкилотларнинг масъуллари иштирок этган семинарда ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Дастлаб семинар иштирокчилари туман ҳокимлигида ташкил этилган “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича туман штаби” фаолияти ҳамда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
–Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида тумандаги хотин-қизлар уйма-уй юриб хатловдан ўтказилганда 1 минг 955 нафар опа-сингилимиз ишлаш истаги борлигини билдирди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалла ва туман дастури ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда 826 нафар хотин-қизга амалий ёрдам берилиб, уларнинг 363 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 56 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди,6 нафарига тадбиркорлик учун имтиёзли кредит ажратилди, 221 нафари ўзини ўзи банд қилган бўлса, яна 179 нафари мавсумий ишларга жалб этилди, шунингдек, 1 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, – дейди Учкўприк тумани ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулчеҳра Жўраева.
Семинар қатнашчилари “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳамда "Бобошбек" ишлаб чиқариш ва савдо комплексидаги тадбиркорлик субъектларида ҳам бўлиб, у ерда ишчиларга яратилган шароитлар билан ҳам бевосита танишди. Шунингдек, “Катта Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Оқила аёллар ҳаракати” фаолияти бўйича олиб борилаётган амалий ишларга ҳам гувоҳ бўлди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири