Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учинчи ренессанс яратувчиларига Мирзо Улуғбекнинг бой мероси ўзига хос мактаб саналади
09:43 / 2024-10-10

Президент қарорлари – амалда

Бу воқеага бир йил бўлди. Расмий ташриф дастурига кўра, Франция Президенти Эммануэль Макрон Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари билан танишадиган бўлди.

Тартибга биноан биз, журналистлар объектга – Мирзо Улуғбек расадхонасига бироз олдин бордик. Касбимиз шу – одамларни, жараённи кузатаман. Бу даргоҳга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳайратини яширмайди.

Шогирдлари билан айланиб юрган ўқитувчига эътибор қиламан.

– Мирзо Улуғбек илм даврасига кирганида султонлигини унутар эди, – дейди у ҳаяжон билан. – Гарданида улкан бир мамлакат тақдирига дахлдор вазифалар турса-да, вақт топиб талабаларга маъруза ўқиган. Унинг ҳукмронлиги даврида юртда кўплаб мадраса, мактаб, кутубхона, карвонсарой, кўприк ҳамда сўлим боғлар барпо этилди. Натижада илм-фан, маданият, иқтисод ривожланди. 

Устознинг сўзлари тугамай ўқувчилар уни бошқа саволларга кўмиб ташлади. Улуғларимиз қилган ишлардан қалб ғурурга тўлади.

Шу кунларда юртимизда буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланмоқда. Самарқанд шаҳрида “Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусидаги халқаро конференция иш бошлайди.

Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бўлмоқда.

Мирзо Улуғбек бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан юртимиз тараққиёти, жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймо саналади. У соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли набираларидан бири бўлган. Астроном олим ва ҳукмдор сифатида мамлакатда илм-фан, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона бунёд этиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономиясида муҳим қўлланма ҳисобланади.

– Қарорда кўп жиҳатлар қамраб олинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов. – Бевосита Фанлар академиясига бир қатор вазифалар юклатилган. Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда алломанинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини ўзбек, рус ва инглиз тилларида, “Тўрт улус тарихи” номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилиниш кўрсатилган. Таълим даргоҳларида бу китобларнинг тақдимоти ўтказилади. Қарор Янги Ўзбекистон ёшларининг тарбиясига, илм равнақига хизмат қилиши билан аҳамиятли.  

Қарорга кўра, мамлакатимиздаги Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ объектларни, унинг шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва ҳудудларини ободонлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратишга янада кўпроқ урғу берилди.

– Президент қарорининг эълон қилиши, ҳеч муболағасиз, халқимиз учун катта хурсандчилик бўлди, – дейди профессор Аброр Хидиров. – Чунки бу ҳужжат Мирзо Улуғбек ва у билан боғлиқ тарихни янада чуқур ўрганишга хизмат қилади. Кўҳна Шарқ қанчадан-қанча даҳолар бешиги саналади. Улар ўз даврига сиғиб-сиғмай яшаган, кашфиётлари билан катта бурилишлар қилган. Олимлар темурийлар сулоласи ичида кўплаб фан, санъат ва адабиёт намояндалари етишиб чиққани ҳақида маълумотлар келтиради. Улар орасида Улуғбекнинг алоҳида ўрни бор. Ўша аждодларимиздан қолган, ўрганилишини кутиб турган қанчадан-қанча илмий бойликлар бор. Бу қарор тарихни, улуғлар йўлини тадқиқ қилишда янги қадамларни ташлашимизга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбекнинг бой меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек тилида нашр қилиш масаласи қарорга алоҳида банд сифатида киритилган.

...Яна ўша Улуғбек расадхонасидамиз. Франция расмий делегацияси Мирзо Улуғбек даврига оид ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбобини кўздан кечирди. Самарқанд тарихи уларда катта таассурот қолдирди.

Ташрифдан сўнг европалик ҳамкасблар билан суҳбатлашар эканмиз, улар ҳайратини яширмади.

– Самарқанд кўчаларини, тарихий обидаларни ҳаяжонсиз томоша қилиб бўлмас экан, – дейди журналист Франсуа Гиар. – Бугун Улуғбекнинг нақадар буюк шахслигига яна бир бор амин бўлдим. Француз астрономи Жозеф Никола Делиль ҳам фаолияти давомида бобокалонингизнинг асарларини ўрганган. Уларни Европа тилларига таржима қилишга алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, 1725 йиллар “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини лотин тилига ҳам таржима қилдирган. Бу билан нима демоқчиман, юртингиз подшолари, олимлари дунё тараққиётига катта ҳисса қўшган. Ушбу меросни асраётганингиз,  жаҳонга тараннум этаётганингиз ҳавас қиларли иш.

Дарҳақиқат, халқимизда буюк алломалар меросини асраш, тарихни ўрганиш ва улардан куч олиб келажакка интилиш миллий қадриятга айланган.

Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири