Тошкент шаҳрида “Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти Покистон нигоҳида” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Республика Маънавият маърифат маркази ҳамда Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон парламенти аъзолари, сиёсатшунос ва олимлар, покистонлик жамоат арбоблари ва таҳлилчилар иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг сиёсий, ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳалари билан бир қаторда маданий-гуманитар, айниқса, туризм йўналишларида ҳам изчил ва фаол ривожланиб бораётганини кенг жамоатчиликка етказишдир.
Давра суҳбати, шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатлар аҳамиятини таҳлил этишга хизмат қилди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: “Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” асарига ёзган сўзбошисида “Қадрдон дўстим, Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ташаббуси – ўзбек халқининг буюк аждодлари маънавий меросига таянадиган бу улуғвор ғоя бутун башариятнинг фаровон келажагига хизмат қилиши шубҳасиздир” – деб кўрсатиб ўтгани, айниқса, диққатга сазовордир.

Давра суҳбати давомида покистонлик жамоат арбоблари Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи Ренессанс ғояси, таълим-тарбия, маданият-маърифат ва илм-фан ривожига қаратилаётган улкан эътибори замирида нақадар кучли фалсафа ва ўзбек халқининг азалий қадриятлари ётганини қайд этиб ўтди.
Покистон мамлакатимизнинг давр синовларидан ўтган яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Халқларимизни муштарак тарих ва маданият, муқаддас ислом дини, ўхшаш урф-одат ва қадриятлар ўзаро боғлаб туради. Хусусан, буюк темурийлар – бобурийлар сулоласининг бетакрор маданий мероси ҳар икки мамлакат учун азиз ва қадрлидир.

Йиғилиш давомида Янги Ўзбекистон феномени, унинг сиёсий фалсафаси, мақсад ва вазифалари, эришилган натижа ва ютуқлар ҳақида покистонлик эксперт ва дипломатлар муносабатларини билдирди.
Жумладан, “Ўзбекистон: “Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” асари муаллифи давра суҳбати давомида қуйидагиларни қайд этди:
– Асаримнинг бош қаҳрамони – жаноб Шавкат Мирзиёев. Замонамизнинг ушбу буюк давлат арбоби ўз ватанида ҳуррият машъаласини ёққан, буюк ва қудратли давлатни барпо этган, келажак авлодларга муносиб йўл кўрсатган, халқининг миллий ўзлигини англаш ва доимо халқ хизматида бўлиб уни тараққиёт сари етаклаган сиёсатчилар қаторида туради, – деди ёзувчи.

Муҳтарам жаноб Шавкат Мирзиёевнинг “ҳар бир лаҳзани – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни эса – тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир”, деган келажак формуласида даврнинг жонли нафаси, истиқболга интилаётган миллат руҳи намоёндир.
Шунингдек, халқаро давра суҳбати мобайнида покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон томонидан тайёрланган “Ўзбекистон: “Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти” асарининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда тадбирлар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА