Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Учинчи Ренессанснинг моҳиятини болаларга ёшликданоқ тушунтиришимиз зарур
10:46 / 2020-09-15

Эндиги мақсадимиз ҳар икки Ренессанс даврида биз дунёда илғор эдикми, шу даражаларга яна эришмоқчимиз.


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президентимизнинг тантанали табрик нутқида асосий мақсадимиз Учинчи Ренессанс бўлишини алоҳида таъкидлади. Амалда давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон мактаблари умуман таълим тизимида миллий ғоясининг янги аниқ стратегиясини белгилаб бердилар. Аслида бу ишларнинг пойдевори ҳаётда, кўз ўнгимизда барпо этилмоқда. Президент мактаблари, махсус йўналтирилган мактабларнинг ташкил этилиши ва бу йилдан очилаётган, ҳар қурилаётган ёки қайта таъмирдан чиқаётган мактабларда замонавий таълимга муносиббарча шароитлар муҳайё қилинмоқда.


Шу кунларда эса жамоатчиликни бир масала қизиқтирмоқда.

"Ренессанс нима, нега учинчи Ренессанс дейилмоқда?" деган саволни ота-оналар ва ўқувчилар мактабнинг биринчи ўқиш куниёқ беришлари табиий. Биз ота-оналардан ҳам бунинг маъносини фарзандларига тушунтириб беришларини илтимос қилар эдик.

“Ренессанс” луғавий французча “қайта туғилиш” деган маънони англатади. Кенг маънода маданиятда, санъатда, таълим-тарбияда, умуман кишилик ҳаётидаги узоқ муддатли турғунликдан сўнг қайта жонланиб, тез тараққий этишни, ижтимоий онг ва қадриятлар кўлами янги сифат босқичига чиқишини англатади. Илгари Ренессанс сўзи ўзбек тилида Уйғониш даври деб ҳам аталар эди. Кўриниб турибдики, Учинчи Ренессанс мактаблардаги бош миллий ғоя сифатида қаралиши лозим. Бунинг учун ҳар бир ўқитувчи унинг моҳиятини аввало ўзи тушунган ҳолда болаларга содда тилда тушунтира олиши керак. Учинчи Ренессанс ғоясини тушунтириш ва ота-оналарга етказишда ниҳоятда услубий тўғри ёндашиш, меъёридан ошириб юбормаслик талаб этилади. Математика, информатика ва ахборот технологиялари, биология, тарбия, технология каби янги дарсликлардаги ўзгаришлар ва бу борада махсус давлат миқёсидаги қарорларнинг ўзи амалий ишлар бошланганлигидан дарак беради. Энди ўқитувчиларни ўзи ўзгариши керак. Биз муаллимлар Ренессанс тушунчасини одамларга аниқ тушунтириб беришимиз лозим.

Биринчи Ренессансни тушунтиришда қуйидаги манбаалар асос бўлади. Австриялик атоқли олим Адам Мецнинг “Мусулмон Ренессанси” асаридаги бу атама фақат Европага оид эмас, балки Ренессанс улардан олдин Шарқда бошланганлигини таъкидлайди. Россиялик академик Н.Н.Конрад Ренессанс VII-VIII асрларда Хитойда бошланиб, VIII асрда Ҳиндистонда давом этгани, ундан кейин IX-XII асрларда ислом мамлакатлари илмда инқилоб қилганларини айтади. Бизни аждодимиз икки Ренессансни бошдан кечирди. Биринчиси IX-XII асрлар, иккинчиси XIV аср охирги чораги-XVI аср биринчи чораги. Дарҳақиқат, Биринчи Ренессанс даврида диёримиздан Фарғоний, Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Бухорий, Термизий, Мотрудий, Абул Муин Насафий каби буюклар дунё цивилизациясининг тамал тошини қўйдилар. Ҳозиргача қаерда қандай халқаро илмий анжуман бўлмасин дунё олимлари уларни ўз соҳасининг буюклари деб тан оладилар.

Иккинчи Ренессанс вакиллари Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод кабилар. Эътибор беринг, бу буюклар ичида меъморлар, бастакорлар, тарихчилар, мусаввирлар бор. Биз фақат маълум олимларнигина ёзмоқдамиз, хали қанча ўрганилмаган олимлар бор. Юксалишнинг иккинчи нафаси Амир Темур ва темурийлар даврида яна қайта жонланди. Дунё олимлари Ўрта Шарқ Уйғониш даврини Алишер Навоий давригача дейишади. Ҳатто Жавоҳарлал Неру Бобурни ҳам Ренессанснинг вакили деб айтган.

Эндиги мақсадимиз ҳар икки Ренессанс даврида биз дунёда илғор эдикми, шу даражаларга яна эришмоқчимиз. Шу биздан талаб қилинмоқда. Бу ерда яна шуни таъкидлаш керакки, аввалги иккала Ренессанс метиндек маънавий-мафкуравий негизда, юксак ахлоқ, илмпарварлик, бағрикенглик негизида бўлган. Ислом дини арконларида илм олиш, ҳалоллик, харомдан ҳазар қилиш, адолат ижтимоий қўллаб-қувватлаш фарз қилинган. Агар биз ҳам мактаб ёшиданоқ бу тушунчаларни болалар шуурига сингдира олмасак мақсадга эриша олмаймиз.

Профессор Абдураҳим Эркаевнинг таъкидлашича, Учинчи Ренессанс тўртинчи саноат инқилоби билан бир вақтда кечади. Шу сабабдан у, аввало, технологик инқилобни, юксак ривожланган рақамли смарт-ақлли иқтисодиётни тақозо қилади. Ўз навбатида, рақамли, смарт иқтисодиётга ўтиш учун ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация қилиш, автоматлаштириш, роботлаштириш талаб этилади. Мана шу жараёнлар Ренессанс ғояси билан мафкуравий боғланиши мактаб олдига катта вазифаларни қўяди. Бу биринчидан. Иккинчидан, Учинчи Ренессанс мактабларни халқаро ҳамжамиятга илм-фан, технологиялар, ахборот билан интеграциясини талаб қилади. Учинчидан, биз ўзлигимизни маънавиятимизни сақлаб қолишимиз даркор. Демак бу ерда кўриниб турибдики, биз таълим-тарбия тизимимизни шунга мослаштиришимиз керак.

Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Ренессанс деган билан у бирпасда содир бўлмайди. Юқорида номлари тилга олинган буюкларнинг ота-оналари кейин мадрасадаги устозлари нечоғлик саъйи ҳаракатлари, қолаверса яратганни ўзи ато этган талант ва зеҳнлари туфайли шу мақомларга эришганлар. Ҳозир ҳам бундай истеъдод эгалари мактабларда бор. Шулар янги дастурлар, нанотехнологиялар, биотехнологиялар, сунъий интеллект яратадилар. Фақат уларни ўз вақтида пайқаш ва тўғри йўналиш берилса кифоя.

Ҳозир мактабларда фақат Учинчи Ренессансни амалга ошириб биз Ватанимизда фаровон ҳаётни барпо эта оламиз деган ғояни сингдира олсаккина биз илғор давлатлар қаторига кира оламиз деган фикр ҳаммада бўлиши керак. Шунда мақсадимизга эришамиз. 


Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси