Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учинчи ренессанс – маърифатли жамият сари!
12:46 / 2022-08-25

Президентимизнинг 2022 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимиз ҳудудларида “Янги Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт!” шиори остида адабий-маърифий ва концерт дастурлари ҳамда Маънавият фестиваллари ўтказилмоқда.

Мазкур фестиваль доирасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган эзгу ғоя асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Учинчи ренессанс – маърифатли жамият сари!” мавзусида республика конференцияси ташкил этилди. 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Умрзоқов, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова ва бошқалар маънавий-маърифий соҳалардаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритди. 

Мазкур конференция юртимизда буюк алломаларимиз, қомусий билим соҳиблари ва мутафаккирларнинг илмий-ижодий кашфиётлари, умумбашарият тараққиётига қўшган ҳиссаси, Иккинчи Шарқ Уйғониш даври – “Темурийлар Ренессанси”да маънавий-маърифий сиёсат натижасида бунёд этилган улуғ салтанатнинг ўрни ва аҳамияти, илм-фан ва маданият равнақи йўлида яратилган имкониятлар, юртимизда демократик ўзгаришлар, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг моҳиятини батафсил таҳлил этиш мақсадида ташкил қилинди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар, кундан-кун ўзгариб бораётган бугунги замон маънавият тарғиботчиларидан янада катта масъулият, изланиш асосида фаолият юритиш зарурлигини талаб этаётганини таъкидладилар. “Учинчи ренессанс — маърифатли жамият сари!” мавзусидаги илмий-амалий конференция тўплами нашр этилгани, 100 дан ортиқ мақолалар ушбу тўпламдан жой олгани таъкидланди. 

Тадбир давомида “Янги Ўзбекистон” мавзусидаги мақолалар танловининг тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Танлов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда юртимизда инсон қадри ва унинг фаровонлигини юксалтириш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, маънавий тараққиётни ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги изланишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур танловда 73 нафар иштирокчидан 100 дан ортиқ мақола келиб тушди. Шунингдек, муносиблар тақдирланиши учун танлов Низомига асосан комиссия тузилгани, ҳар бир мақола олимлар, журналистлар томонидан диққат билан ўрганилгани айтилди. Иккита биринчи ўрин соҳибига 6 миллион сўмдан, иккита иккинчи ўрин эгасига 4 миллион сўмдан, иккита учинчи ўринга 2 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда учта рағбатлантирувчи ўринга ҳам совғалар берилди. 

Конференция ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди.  

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Учинчи ренессанс — маърифатли жамият сари!” мавзусидаги ушбу  республика анжумани доирасида “Янги Ўзбекистон” боғига ҳамда “Адиблар хиёбони”га ташриф амалга оширилди. Шунингдек, “Туркистон” саройида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” унвонига эга бўлган юртдошларимиз иштирокида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китоби тақдимоти, “Миллий қўшиқлар ва мақом” концерт дастури бўлиб ўтди.  

Бир қатор олий таълим муассасаларида зиёлилар, шоир-ёзувчилар иштирокида учрашувлар,  Янги ҳаёт тумани “Ташаббус” МФЙда “Маҳаллада дув-дув гап” ва “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳалари ташкил этилди.  
  
 

Н.Усмонова, 
ЎзА мухбири