Бухоро шаҳрида хусусий тадбиркорлар томонидан бунёд этилган меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Меҳмонхонанинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов юртимизда биринчилардан бўлиб, жаҳон стандартлари асосида хорижий бренд бошқаруви жорий этилган муҳташам меҳмонхона бўлиб танилишини, бу эса Ўзбекистонда, қолаверса, Бухорода туризмни янада ривожланишида, Осиё ва Европа мамлакатларидан ташриф буюрадиган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга замин яратишини алоҳида таъкидлади.
Меҳмонхонанинг бошқарув менежери, туркиялик Ятишген Мурадбей бу мажмуа нафақат хорижий сайёҳлар, шу билан бирга маҳаллий аҳоли учун ҳам гўзал масканга айланишини қайд этди.
Ғиждувон кўчасида иш бошлаган 112 та хона ва 224 та ўринга эга бўлган “Ramada Encore by Wyndham” меҳмонхонасининг лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. “International Hotel Service” компанияси томонидан замонавий архитектура асосида қурилган меҳмонхона саккиз қаватдан иборат бўлиб, барча талабларга жавоб беради. Бу жойда меҳмонхона хизмати билан бир вақтда, конференция зали, бассейн, спорт соғломлаштириш ва ресторанлар каби қўшимча объектлар фаолият кўрсатади.
[gallery-26093]
Меҳмонхонада юзга яқин доимий иш ўрни яратилди. Эътиборли жиҳати, меҳмонхонада илғор менежмент бошқарувини йўлга қўйиш бўйича дунёнинг топ-50 рейтингига кирувчи “Ramada Encore by” франшизаси шартномаси имзоланган.
Йиғилганлар меҳмонхонада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.