Қонун лойиҳасига шарҳ
Пиротехника буюмлари инсон ҳаёти ва саломатлигига хавфли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо шундай бўлсада, байрам ва тантаналарда бу каби воситалардан, мушаклардан завқ олишни яхши кўрамиз. Афсуски, ўйиндан ўт чиқди, деганларидек, пиротехника воситаларидан фойдаланиш оқибатида кўплаб нохуш вазиятлар содир бўлгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушади. Бу каби ҳолатларга дуч келмаслик учун пиротехника буюмлари муомаласини бартараф этиш, айниқса, ундан қонунга хилоф равишда фойдаланилишига йўл қўймаслик лозим бўлади.

Мамлакатимиз ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласини давлат томонидан назорат қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қабул қилинган ҳужжат – «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмлари қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам айни масалага қаратилгани билан эътиборлидир. Унинг мазмун-моҳияти ҳақида депутат Фахриддин Самадов қуйидагиларни қайд этди:
– Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185/1-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда республикамизга олиб кириш, республикамиздан олиб чиқиш ёки ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган, – дейди депутат Ф.Самадов. – Аммо мазкур ҳуқуқбузарликлар учун бир турдаги жазо назарда тутилган бўлиб, бунда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш чегаралари аниқлаштирилиши зарур.
Қайд этиш лозимки, бу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларга қарамай, 2021-2023 йилларда 239 ҳолатда 1 миллиард 693 миллион сўмлик 301 минг 644 дона пиротехника воситалари ноқонуний тарзда мамлакатимизга олиб кирилган. Шундай экан, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали мазкур ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчанлигини ошириш зарур.
Мазкур ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Бундан ташқари, ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомаларни расмийлаштириш ваколати берилмоқда. Пиротехника буюмлари муомаласида давлат назоратини амалга ошириш учун ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари жалб этилиши мавжуд амалиётнинг бир қанча хусусиятларини ижобий томонга ўзгартиради.
Мазкур ҳужжат қуйи палатамизда қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди. Унинг қабул қилиниши натижасида пиротехника воситаларининг муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга, уларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкини сақлаш, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга эришилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА