Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида трансплантация амалиёти ўтказилган бир гуруҳ фуқароларнинг тўплангани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Маълум бўлишича, беморлар операциядан сўнг мунтазам қабул қиладиган дори воситалари етказиб берилишида узилишлар бўлаётгани, борлари ҳам дорихонларда қиммат нархда сотилаётгани боис бу масала юзасидан ўз эътирозларини билдирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг таъкидлашича, вазир Б.Мусаев дарҳол ушбу фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Маълумки, ҳозирги кунда юртимизда буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 1500 нафардан ортиқ бемор рўйхатда бўлиб, уларга керакли дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилиши қатъий назоратга олинган ва етарли даражада дори захиралари шакллантирилган. Бироқ айрим тоифадаги беморларга тавсия этилган препаратларнинг бир қисми хориждаги нуфузли фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилиши боис бундай препаратларни юртимизга олиб келишда вақтинчалик қийинчиликлар кузатилмоқда. Учрашув давомида вазир мазкур муаммони зудлик билан ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга шошилинч кўрсатмалар берди.
Хусусан, ушбу масалага тезкор ечим топиш мақсадида вазирликда махсус штаб ташкил этилиб, унинг таркибига тегишли мутахассислар, жумладан, вазирлик бош нефрологи, нефрология маркази шифокорлари, фармакологлар, иқтисодчилар киритилди. Штаб томонидан беморларга зарур дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш бўйича муддат масалаларини ҳал этиш, дори харидлари юзасидан фармацевтика компаниялари билан мулоқот қилиш ва бу орқали муаммоларга самарали ечим топиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, учрашувда беморларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда иммунологик таҳлилларни топширишга мўлжалланган махсус лабораториялар ташкил этилиши ва биокимёвий анализаторлар ўрнатилиши масаласи ҳам ижобий ечим топиши таъкидланди.
Бундан ташқари, 1500 нафардан ортиқ беморга қандай дори препаратлари қанча миқдорда зарурлиги бўйича рўйхат шакллантирилиши, уларни харид қилишнинг қисқа ва узоқ муддатли механизми яратилиши белгиланди.
Вазирликнинг юқоридаги баёнотини ўқиб, бундан бир неча йил олдин ҳам жаррроҳлик амалиётини бошдан ўтазган беморларнинг айни шу муаммога дуч келгани эсимга тушди.
2019 йилнинг апрель ойи ўрталари эди. Бошқа бировнинг буйраги билан яшаётган беморлар жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳар куни маълум миқдорда қабул қилиши шарт бўлган дори препаратларини топа олмаётганини айтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (вазирликнинг олдинги биноси назарда тутиляпти) олдида тўпланган эди. Ўзим ҳам уларга қўшилиб, бир неча соат вазирлик олдида бирон бир мутасадди чиқиб тайинли жавоб беришини умид билан кутган эдим. Аммо афсуски, йигирмага яқин фуқаронинг дардини на биров эшитганди, на биров тинглаганди, ўшанда...
“Жарроҳлик амалиётидан кейинги аҳвол... Эътиборсиз қолаётган беморлар ҳаётидан репортаж” тайёрлаганимдан сўнггина мутасаддилар оммавий ахборот воситаларида вазиятни назоратга олишини айтиб муносабат билдириб чиққан эди.
Орадан, шунча вақт ўтди. Тиббиёт соҳасида мисли кўрилмаган янгиланишлар, ислоҳотлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Аммо, буни қарангки, органлар кўчириб ўтказиш операциясини бошдан кечирган беморлар ҳамон дори воситалари билан ўз вақтида таъминланмаётган экан.
Моҳигул Қосимова, ЎзА