Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учқудуқда замонавий уйлар қурилади
15:26 / 2019-10-11

Украинанинг Одесса вилояти Южний шаҳрида жорий йилнинг 27-28 сентябр кунлари биринчи Халқаро бизнес форум бўлиб ўтган эди.


Украинанинг Одесса вилояти Южний шаҳрида жорий йилнинг 27-28 сентябр кунлари биринчи Халқаро бизнес форум бўлиб ўтган эди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикасидан вакил сифатида Навоий вилояти Учқудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Фаррух Бафоев иштирок этди. У бизнес форум давомида Учқудуқ туманида хорижий инвесторлар ва уларнинг капитали учун яратилган қулай шарт-шароитлар, мавжуд ер ости ва ер усти бойликлари тўғрисида тақдимот қилиб, солиқ ва божхона имтиёзлари ва афзалликлари хусусида маълумот берди.

Учқудуқ туманининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, туманда мавжуд ер ости қазилма бойликлари акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Санжар Қосимов, Учқудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Бафоев ҳамда форум давомида бошқа давлатлардан келган тадбиркорлик субъектлари билан “B2B” тарзида музокаралар ўтказилди ва бир қатор келишувларга эришилди.

Польшалик инвестор “LIETPOL S.A” компанияси раҳбари Д.Мариус томонидан 2020 йилда Учқудуқ шаҳрида қиймати 2 миллион доллар бўлган қўп қаватли уйларни барпо этиш лойиҳаси бўйича келишиб олинди.

Хитойнинг Панджоу шаҳри мэри ўринбосари Ли Енг Шенг билан Учқудуқ ва Панджоу шаҳарлари биродарлашган шаҳарлар келишув битимини тузиш ҳамда икки давлат ўртасида бир сменада 100 нафар фуқаро бандлигини таъминлайдиган, лойиҳа қиймати 1 миллион доллар бўлган қишки кийимлар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Украиналик инвестор “Южнийцентрэкотур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари В.Кливник томонидан Буюк Ипак Йўли туристик линиясини ташкил этиш ҳамда Учқудуқ, Томди, Зарафшон ҳудудларида туристик марказларни очиш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, Украинанинг “Агротеч” масъулияти чекланган жамияти раҳбари В.Атансовнинг туманда туячилик фаолияти билан шуғулланадиган Жайнарбек, Нуримбет Сари, “Барака Сервис Учқудуқ” фермер хўжаликларига 15 минг долларлик туя сутини қайта ишлаш технологиясини ўрнатиш лойиҳаси маъқулланди.

Маълумот ўрнида, Украинанинг Харков шаҳридаги Wisdom ABS корхонаси раҳбари В.Фирсанов Навоий вилояти ҳудудларига “Ақлли шаҳар”, “Ақлли кўча” инновацион лойиҳасини татбиқ қилиш бўйича келишув амалга оширилган эди. Жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари лойиҳа ташаббускорлари Навоий вилоятига ташриф буюриб, музокаралар олиб борди.