Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда барпо этилаётган улгуржи-тақсимлаш марказлари қурилиши қандай молиялаштирилишига аниқлик киритди.
“Казинформ” ахборот агентлиги мухбирининг маълум қилишича, мазкур марказларни бюджетдан молиялаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳалар хусусий инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.
“Биз хусусий инвесторларни таклиф қилмоқдамиз. Ушбу масалани муҳокама қилиш учун иккита республикада бўлдик, олтита вилоятни айланиб чиқдик. Маҳаллий ижро органлари билан учрашувлар ўтказдик, ҳокимлар билан биргаликда марказлар учун ажратилаётган ҳудудларни кўриб чиқдик
Маҳаллий инвесторлар билан қўшимча ишлаш керак бўлади. Бу иш фақат сармоя жалб этиш масаласи билан боғлиқ бўлади. Қозоғистонлик инвесторлар учта қўшни республикада тўққизта УТМ қурилишига маблағ жалб қилишга тайёр. Ҳар бир марказ қурилиши харажати тахминан 10 миллион долларни ташкил этади», — деди вазир. Унинг таъкидлашича, ушбу ишда йирик трейдерлар, савдо тармоқлари вакиллари иштирок этмоқда.