ЎзЛиДеП Навоий вилоят ҳудудий партия ташкилоти 2022-2027 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон – Тараққиёт стратегияси»нинг Y йўналиш 75-мақсадига кўра «Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш»га доир бир қанча ишларни режалаштирди.
Жумладан, Навбаҳор туманидаги Учтут қишлоғида жойлашган уч қадимий тут атрофида иқтидорли ўқувчи ёшлар учун очиқ осмон остидаги «Юртим жамоли» танловини ташкил этиб, танловга туман марказидан анча олисда жойлашган 37-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат жамоасини жалб этди.
Сўлим табиат қўйнида, қирлар этагида бўлиб ўтган тадбирда ёшлар мутлақо эркин услубда ижод қилиб, ўзлари туғилиб ўсган диёрга муҳаббатларини ранглар орқали жилвалантирди.
Ёш рассомлар Навбаҳор кенгликларининг гўзал тароватини чизган бўлсалар, бўлажак дизайнерлар чор-атрофнинг чиройини муҳташам тасаввурларига қўшиб акс эттиришди.

Тадбир давомида тирик тарихга айланган тутлар тагида китобхонлик бўйича суҳбатлар ва Учтут тарихига оид мусоҳабалар ҳам бўлиб ўтди.
Айниқса, шу ўқув муассасаси ўқувчиси Ф.Шукруллаевнинг 150 та китобни мутолаа қилганлиги ва партия раҳбарининг у ўқиган асарлар юзасидан саволларига берган аниқ ва лўнда жавоблари тадбир иштирокчиларини ҳайратга солди.
Танлов шартларига кўра «Энг яхши ёш рассом» йўналиши бўйича А.Маматова, «Энг яхши ёш дизайнер» йўналишида П.Жабборовалар ғолиб, деб топилди.
Шунингдек, ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши танлов ғолибларига қўшиб, китобхонлик бўйича билимдонлигини кўрсатган Ф.Шукруллаевни ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.
Бундан ташқари танловдаги энг чиройли ижод намуналарининг муаллифлари учун ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар эълон қилиниб, ҳудудий партия ташкилоти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
М.Пирнафасова,
ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши
жамоатчилик билан алоқалар ва мафкуравий ишлар бўлими мудири