Бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжумани “Қурилиш материаллари саноатида 2023 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар таҳлили” мавусига бағишланди.
Тадбир “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ташкил этилди. Масъуллар жорий йилнинг биринчи чорагида бажарилган ишлар таҳлилига эътибор қаратар экан, унда соҳада жами 5,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш 104,7 фоизни ҳамда уюшма таркибидаги корхоналар томонидан ўтган чоракда 2 триллион 158,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ва бу ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 100,3 фоизни ташкил этганини қайд этди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўлим бошлиғи Баҳром Аллабергенов сўзига кўра, 2023 йилда цемент ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансининг параметрлари тасдиқланган. Унга кўра, жорий йилда 17 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш ва шундан 7,6 миллион тоннасини биржа савдолари орқали сотиш белгиланган.
–Жорий йилнинг биринчи чорагида жами 2,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда биржа савдоларида сотилган 515,4 минг тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилди. Шунингдек, 2023 йил якуни билан йилига 5,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши ва жами цемент ишлаб чиқариш қувватлари 32 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 951,1 миллион долларлик 27 та лойиҳа бўйича жорий йилда жами 193,9 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган. Шу йилнинг январь-март ойлари якуни билан 17,7 миллион доллар ўзлаштирилиб, режа 100,8 фоиз бажарилди. Эътиборлиси, 2023 йилда 9 та лойиҳа ишга туширилади ва бунинг натижасида 840 та янги иш ўрни яратилади, –деди Б.Аллабергенов.
Шунингдек, тадбирда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурлари доирасида ушбу даврда 936 та лойиҳа бўйича 3 триллион 400 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилгани ва улар самарасида янги турдаги импорт ўрнини босувчи флоат ойна, юқори маркали цемент, базальт каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш қувватлари яратилгани айтиб ўтилди.
–Жорий йилнинг ўтган уч ойида 97,9 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилди, – деди уюшма матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. – Жумладан, 14 миллион долларлик ПВХ профиллар ва трубалар, 8,1 миллион долларлик алюмин профиллар, 11,2 миллион доллар миқдоридаги керамик плитка ва керамика маҳсулотлари, 8,3 миллион долларлик қуруқ қурилиш аралашмалари ва цементдан боғловчи материаллар, 9,7 миллион долларлик обой каби қурилиш материалларининг экспорти амалга оширилди. Қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистондан ташқари Озарбайжон, Туркия, Канада, Руминия давлатлари ҳисобига кенгайтирилди.
Матбуот анжуманида маҳаллийлаштириш дастури бўйича 192,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 138,1 фоизга бажарилгани алоҳида таъкидланди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА