Божхона органлари ходимлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан 2022 йилнинг биринчи чораги давомида 306,6 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилган. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 311,1 миллиард сўм имтиёзлар берилди.

– Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари, маиший-техника ташкил этади, – дейди бошқарманинг Даромадлар ва божхона статистикаси бўлими ходими Шавкат Хайруллаев. – Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 67,7 миллиард сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида 119,4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган маҳсулот дунёнинг 25 га яқин давлатларига экспорт қилинди. Тизимда турли ҳажмдаги юкларни божхона постларида кўрикдан ўтказиб, декларацияларни расмийлаштириш муҳим жараён саналади.

– Вилоятдаги мавжуд божхона постларида 3607 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, 1106 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилди, – дейди бошқарманинг Божхона назорати ва расмийлаштируви бўлими ходими Алишер Баротов. – Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қилинганда декларацияларнинг 1547 таси ёки 43 фоизи “яшил йўлак”, 1296 таси ёки 36 фоизи “сариқ йўлак”, 764 таси ёки 21 фоизи “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилган.
Содда қилиб айтганда, бошқармада тадбиркорларнинг 79 фоиз юклари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган. Юртимизда тадбиркорлар учун бир қатор қулайлик ва енгилликлар яратиб берилаётган бўлса-да, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар мавжуд қонунчилигимизда кўрсатилган талабларни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

– 2022 йилнинг январь-март ойлари мобайнида 201 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, далилий ашё сифатида 1,5 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди, – дейди бошқарманинг суриштирув ва маъмурий амалиёт булими ходими Улуғбек Шодмонов. – Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 4 та ҳолатда 31,53 гр. марихуана гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 8,4 миллион сўмлик 580 қути тамаки маҳсулотлари, 87,6 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 14 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича 13,6 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Албатта, импорт ёки экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар божхона ходимлари билан мулоқотга киришади. Маҳсулотлар эса тегишли тартибда расмийлаштирилади. Улар қонунчилик талабларига бўйсунган ҳолда иш тутса, ҳам вақтдан ютишади ҳам иқтисодий фойда олади. Акс ҳолда, барибир божхоначилар постларда ноқонуний ҳолатларни аниқлаб, қўшимча божхона тўловларини ҳисоблайди. Хуллас, шаффофлик ва ҳалоллик бўлиши керак.
Абдували Бўриев, ЎзА