Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч ойда 163,1 миллион АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди
17:53 / 2023-04-19

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрдаги “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида товар бозорларида биржа механизмларидан фойдаланиш кенгайтирилмоқда.

“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг жорий йил 1-чорак якунларига кўра, барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ўсиб, 35,1 триллион сўмни ташкил қилган.  Тузилган битимларнинг қарийб 73 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 27 фоизи электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.  

Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида жами 9,3 триллион сўмлик 185 мингдан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 83 фоизга ўсгани янада аҳамиятлидир.  

Бугун “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.  

Қайд этилганидек, давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг маблағлари тежалиши ўтган йилга нисбатан 69 фоизга ўсиб, 1,6 триллион сўмни ташкил қилди. Таҳлил даврида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида 163,1 миллион АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди ва бу ўтган йилнинг январь-март ойларига нисбатан 24,5 фоизга кўпдир.  

[gallery-11522]

– Шу жумладан, биржа орқали харид қилинган маҳсулотларнинг катта қисми, яъни 95 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ва минерал ўғитлардир, –деди «ЎзРТХБ» АЖ матбуот котиби Ҳикматулло Тиллабоев. – Биржа савдолари орқали экспорт қилинган маҳсулотлар қаторидан рангли металлар, нефть маҳсулотлари ва қурилиш моллари ўрин олди. Бу даврда Беларусь ва Қозоғистонда 2 та биржанинг янги хорижий савдо майдончалари ва 11 та хорижий брокерлик идоралари очилди. Шунингдек, қарийб 500 та янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди. avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 66,5 миллиард сўмлик 16 мингдан зиёд авторақам шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Шу билан бирга, биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида 4,1 миллиард сўмлик 2,2 мингдан зиёд шартнома тузилди. Ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан тузилган битимларнинг сони 1,5 маротабага, ҳажми 2,7 маротабага ошди.  

Анжуманда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг халқаро талабларга мувофиқлиги ва бу борада эришилган натижалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, жорий йилда ташкилот ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича ресертификациядан ўтди ва ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро сертификат талабларига мувофиқлигини тасдиқлади. “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг халқаро рейтинг баҳоси “B” (барқарор кутилма) даражада тасдиқланган. Бу жамиятнинг илк бор халқаро рейтингни қўлга киритишидир.  

Тадбирда иштирокчиларга ҳозирги кунда бу бўйича амалга оширилаётган ишлар ва кутилаётган натижалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири