Таиланднинг Чиангмай шаҳрида ўтаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг аёллар йўналишида финал жанглари ўтказилди.
Кун давомида Ўзбекистон аёллар бокс терма жамоасининг 7 нафар вакили Осиё чемпионатида финал жангларини ўтказди. Унда Фарзона Фозилова -48 кг. вазнда финалда вьетнамлик Линҳ Чи Нгони 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, -52 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Феруза Казакова финалда украиналик Свитлана Уманскага қарши жанг ўтказди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди.
Вазни -66 кг. бўлган Навбаҳор Ҳамидова эса финалда Хитой вакиласи Хуипинг Юанни 4:1 ҳисобида таслим этиб, Осиё чемпионига айланди.
Мусобақанинг финалига қадар ўтказилган беллашувларда зафар қучган Азиза Ёқубова, Нигина Ўктамова, Азиза Зокирова, Олтиной Сотимбоева кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, чемпионатда Сабина Бобоқулова ва Соҳиба Рўзметова каби чарм қўлқоп усталаримиз бронза медали соҳиби бўлди.
Шу тариқа, Осиё чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоамиз 3 та олтин, 3 кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Эртага, 11 декабрь куни эркаклар ўртасидаги финал жанглари бўлиб ўтади. Финалга йўл олган боксчиларимиз билан танишинг:
Эркаклар:
-48 кг: Шодиёржон Мелиқўзиев
-51 кг: Асилбек Жалилов
-54 кг: Шаҳзод Музаффаров
-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
-63,5 кг: Адҳамжон Муҳиддинов
-67 кг: Мужибилло Турсунов
-71 кг: Ҳавасбек Асадуллаев
-75 кг: Жавоҳир Умматалиев
-80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
-86 кг: Жасурбек Йўлдошев
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА