Уч нафар боксчимиз олтин медаль учун рингга кўтарилади
Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида бўлиб ўтаётган бокс бўйича "Eindhoven Cup" халқаро турнирида уч нафар ўзбекистонлик боксчи финал йўлланмасини қўлга киритди.
Нуфузли мусобақанинг ярим финал босқичида Ўзбекистон терма жамоасининг этакчи боксчиларидан бири Абдумалик Ҳалоков (-60 кг) мезбон спортчи Маҳмуд Ал Чабтунни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди.
Вазни 90 килограммгача бўлган истеъдодли боксчимиз Тўрабек Хабибуллаев эса финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Тоғамбай Сағиндикка қарши рингга чиқди. Кескин ва муросасиз кечган жангда Тўрабек 4:1 ҳисобида зафар қучиб, энди олтин медаль учун баҳс олиб боради.
Шунингдек, -70 кг вазн тоифасида рингга чиққан Асадхўжа Мўйдинхўжаев ярим финалда озарбайжонлик Наби Исгандаровга қарши жанг ўтказди. Юртимиз вакили аниқ ва самарали зарбалари эвазига 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг ҳал қилувчи босқичига йўл олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА