Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч бора эътироф аслида уч карра масъулиятдир
18:40 / 2019-12-18

Жуда ибратли ҳадисларимиздан бирида “Кимга кўпроқ яхшилик қилай?” деган саволга уч марта “Онангга, онангга, онангга!” деб жавоб берилганини кўпчилигимиз яхши биламиз.


Жуда ибратли ҳадисларимиздан бирида “Кимга кўпроқ яхшилик қилай?” деган саволга уч марта “Онангга, онангга, онангга!” деб жавоб берилганини кўпчилигимиз яхши биламиз. 

Мен бу ҳадисдаги аёл зотини улуғлаш ғояси аслида аёл зиммасига маънавий маънодаги вазифани уч марта кўпроқ юклайди, деб ҳам тушунаман. Негаки, жамиятнинг энг масъул нуқталарида аёл нигоҳига, тафаккури ва хулосасига доимо эҳтиёж бор. Масалан, фарзанд тарбиясида, оиланинг барқарор муҳитида, ижтимоий-маънавий муаммоларни ҳал этишда ва ҳоказо.

Демоқчи бўлганим, давлат ва жамият қурилишида ҳам аёлнинг ўз ўрни бўлиши табиий. Фақатгина бу ўринга ўз муносиб соҳибалари эришиши янаям муҳимроқдир. 

Бугун мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловларни ташкил этиш учун жиддий ҳозирлик кўрилмоқда. Айтиш жоизки, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида кечаётган бу жараён аввалгиларидан мазмун-моҳияти, сиёсий қарашларнинг тубдан фарқ қилиши, демократик тамойилларга таянганлиги билан ажралиб турибди. 

Бугун замоннинг ўзи ва энг илғор қарашларни олиб чиқаётган сиёсий партиягина сайловда юқори овоз олиб, ижро ҳокимиятини шакллантириши масаласи мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партиянинг ҳар бирига янгича фикрлаш, давр талабларига мослашиш, одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг ишончини сўндирмасликдек энг муҳим ҳаётий талабларни қўймоқда. 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаол бўлиши нечоғли зарур эканини “Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди”, деган сўзлари билан изоҳладилар. 

Бу муносабат давлатимиз раҳбарининг аёллар масалаларига оид сиёсий иродасининг тантанаси бўлди, десак, асло янглишмаймиз. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг аёллар ҳаракати тизими янги босқичга кўтарилди, аёллар билан ишлашнинг замонавий усуллари қўллаб-қувватланди, тизим ташкилий-тузилмавий жиҳатдан ғоят кучайтирилди. Шунингдек, биз бутун халқаро ҳамжамият олдида узоқ йиллардан буён баҳсли бўлиб турган Гендер тенглик борасидаги қонунни қабул қилдик.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёллар манфаатларини ўзида акс эттирган йирик бир жамоат ташкилоти сифатида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумларни имзолади, сиёсий партиялар билан "Йўл харита"сини қабул қилди. Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлашнинг чораларини кўрди.

Бироқ мана шундай ўзгариш ва янгиланишлар палласида ҳам сайловга тайёргарлик кўриш жараёнидаги умумий таҳлиллар сиёсий партиялардан номзодлар кўрсатилишида аёлларга муносабат кескин ва кутилган даражада ижобий тарафга ўзгармаганини кўрсатди. Аёлларнинг мурожаатлари, ижтимоий тармоқлардаги баъзи норозиликлар ва умумий кузатувларимиз, рақамли кўрсаткичлар орқали бу ҳолни англаб етгач, барча сиёсий партияларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг махсус мурожаати қабул қилинди. 

Мазкур мурожаатда ҳар бир хилқат иккинчи бир бўлаги билан ислоҳ қилингани каби, Эркак ва Аёлнинг жамиятдаги ўрни ҳам олий мувозанатда белгилаб қўйилганини эслатиб ўтишга ҳаракат қилдик. Албатта, сайлов рақобатчи партиялар, ўз ташаббусларини илгари сураётган кучлар, халқ манфаатларини ифода этган дастурларини ўз электоратига тақдим этаётган номзодлар курашидир. Бироқ партиями, аёл ёки эркакми, сиёсий курашларда нақадар хилма-хил бўлмасинлар, улар Ўзбекистонимизнинг кучли давлатга айланиши, миллий юксалиши йўлида бир гулхан атрофидаги бир мақсадли одамлардир аслида. 

Биласизки, “Аёлнинг жамиятда фаол бўлиши нима учун керак?” деган жуда қадимий, баҳсли саволни кўп-кўп эшитамиз. Оддий ҳақиқат ва жавоб шуки, аёлнинг тафаккури, салоҳияти ҳамда албатта улкан, меҳрибон қалби қонун ижодкорлигида, инсон тақдири билан боғлиқ ҳукму қарорларнинг халқпарвар ва меҳрибон бўлишида жуда ҳам зарур!
Шунингдек, азиз фарзандларимизнинг бахту камоли, юқори сифатли таълим олишида, чекка-чекка қишлоқларда шаҳар қизларидан кўра оғирроқ шароитларда яшаётган қизларимизнинг ҳаёт тарзи яхшиланишида, тобора илдиз отиб бораётган маънавий-ижтимоий муаммоларга ечим топишда ҳақиқий маънода халқ вакили бўла оладиган номзод аёлларнинг катта сиёсий майдонга кириб келиши давр эҳтиёжи эканини тан олишимиз керак. 

Қолаверса, ислоҳотларимизда устуворлик касб этган “Аёл ҳаётдан рози бўлиб, яйраб-яшнаб яшаши керак” деган кучли ҳаётий ғоянинг амалга ошиши учун ҳам, аввало, аёл зотининг ўзи фаол бўлмоғи ғоят муҳим.

Мазкур мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил этадиган мамлакатнинг йирик бир жамоат ташкилоти сифатида, 16 миллион нафардан ортиқ аёллар манфаатларини ўзида мужассам этган улкан бир тизим сифатида сиёсий партиялардан аёлларни ушбу муҳим сиёсий жараёнга кенгроқ жалб қилиш, сайловларда аёл кишини номзодликка кўрсатиш борасидаги позицияси ва сайловолди платформасини аёлларимиз манфаатлари йўлида қайта-қайта кўриб чиқишларини илтимос қилди. Зотан, бизнинг жамоат бирлашмамиз мамлакатимиз келгуси тараққиётини аёллар фаол иштирокисиз тўла тасаввур этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. 

Бугунги маълумотларда сиёсий партияларимиз томонидан сайловга номзод кўрсатишда аёллар манфаатларига эътибор беришда бирмунча ўзгаришлар кўзга ташланганига гувоҳ бўлдик. Масалан, ҳатто аёл номзодларни илгари суришда бошқа партияларга нисбатан энг кам кўрсаткичга эга бўлган Ўзбекистон Экологик партияси ҳам Қонунчилик палатаси депутатлигига 54 нафар аёлни номзод сифатида кўрсатган. Бу эса умумий номзодларнинг 36 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткич Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партиясида 55 нафарни (36,7 фоиз), Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида 64 нафарни (42,7 фоиз), Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясида эса 65 нафарни (43,3 фоиз) ташкил этди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аёлларнинг жамиятда тутган мавқеини жуда ҳам оқилона баҳолаган ҳолда, мавжуд 150 ўриннинг 72 тасида аёл номзодларга ишонч билдиргани эса мутлақо кутилмаган, шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг хотин-қизлар масаласида олиб бораётган сиёсатига уйғун иш бўлди. 

Қисқача айтганда, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан хабар беришларича, мамлакатимизда тузилган 150 та сайлов округида депутатлик учун кураш олиб бориши аниқ бўлган бешта сиёсий партиянинг 750 нафар номзодидан 310 нафарини аёллар ташкил этяпти. Бу эса умумий номзодларнинг 41,3 фоизи хотин-қизлардан иборат, деганидир.

Албатта, аёлларнинг номзод сифатида интилишлари кучайганлиги, бу маълум маънода уларнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари ва фаоллиги янги босқичга кўтарилганини белгилайди. Бироқ бугунги сиёсий майдонга қарасак, давлат бошқарувида аёлларнинг сони етарлича эмаслиги, хусусан, қарор қабул қилувчи раҳбарлик лавозимлари – ҳокимлик, ректорлик, давлат ва йирик жамоат ташкилотлари раҳбарлигида камчиликни ташкил этаётгани бу борадаги ишларга шиддатлироқ тус беришни талаб этмоқда. 

Айтиш мумкинки, номзодлар орасида аёллар улуши ҳозирча мақтанарли, бироқ муҳими, халқона таъбир билан айтганда, “ғалвир сувдан кўтарилганда” билинади. Яъни аёл номзодларнинг депутатлар сафига кира олиши янаям муҳимроқдир. 

Аёл, ҳеч муболағасиз, хоҳ номзод, хоҳ сайловчи бўлсин, табиатан, у ўз фуқаролик нуқтаи назарини намоён этмоқни маънавий-ҳуқуқий масъулият деб, ижтимоий-сиёсий фаолликка интилишни эса сайловга зўрма-зўраки чиқиш эмас, балки инсон қалбининг фахрли бир мажбурияти, деб қабул қила оладиган зотдир. Аёл сайланса ҳам она Ватанининг юксалиши учун, фарзандларининг бахту саодати учун сайланганини, овоз берса ҳам униб-ўсиб келаётган гўдакларининг оёққа туриб, эл корига яраши учун, юртида ҳаёт бундан-да яхши бўлиши учун овоз бераётганини чин дилдан англовчи хилқатдир. 

Сайловларда аёлни, онани, улуғ мақом соҳибаларини қўллаб-қувватлаш тушунчаси аввало аёлларнинг онгига сингмоғи керак. Чунки, аёл зоти ўз қавмига, маслакдошига ишонмаса, унга бошқалар мутлақ ишончсизлик билан қараши аниқроқ оқибат. 

Сайлов деб аталган муҳим жараёнда аёлни қўллаб-қувватлаш – Ўзбекистонимиз эришган ва дунё ҳамжамияти тан олаётган ютуқларда хотин-қизларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссасини эътироф этиш демакдир. Аёлнинг қонун ижодкорлигидаги улуши ортишини, қарор қабул қилувчи лавозимларда бўлишини рағбатлантириш – ОНАни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш, аёлни ардоқлаш деганидир.

“Бир йигитни яхши тарбияласанг, бир оилабошини, бир қизни яхши тарбия қилсанг, бутун бир миллатни тарбиялаган бўласан” деган гап бор. Шу маънода аёл тарафида бўлиш, уни қўллаб-қувватлаш хайрли ишдир, азизлар.

Э.БОСИТХОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,
Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси