English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч банк қоидабузарлик сабаб катта жаримага тортилди
15:19 / 2025-10-03

Ўзбекистон молиявий хизматлар бозори тез суръатлар билан ривожланмоқда. Бунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Марказий банкнинг сўнгги қарорлари эса мазкур соҳада тизимли назорат ва қатъий жавобгарлик механизмлари жорий этилаётганидан дарак беради.

2025 йилда ўтказилган текширувлар натижасида TBC банк, Давр банк ва Ҳамкорбанк томонидан содир этилган жиддий қоидабузарликлар аниқланди. Ушбу банкларга нисбатан тегишлича 615 млн сўм, 931 млн сўм ва 955 млн сўм миқдорида жарималар қўлланди.

Бироқ, бу рақамлар катта кўринмаслиги мумкин, асосий муаммо маблағ миқдорида эмас, балки банк тизимидаги шаффофлик, қонун устуворлиги ва энг муҳими — мижоз ишончининг сақланишидадир.

TBC банк қарздорликни қоплаш учун тушган маблағларни белгиланган тартибда йўналтирмаганлиги туфайли қарз олувчиларга 2,5 млрд сўмдан зиёд ортиқча фоиз ҳисобланган. Шунингдек, суд қарорига асосан ноқонуний ҳисобланган яна 1,7 млрд сўм фоиз ҳам юзага келган. Бу ҳолат банк тизимида адолатли ҳисоб-китоб тамойили бузилганлигини кўрсатади.

Давр банк хорижий валютада ажратилган кредитларда хатоларга йўл қўйиб, мижозлардан 1,7 млрд сўмдан зиёд ортиқча фоиз ва 1,9 млрд сўм маблағ ундирган. Бундан ташқари, гаров мулкини тақиққа қўйиш учун ундирилган 461,6 млн сўм ҳам қонунбузарлик сифатида қайд этилди.

Энг катта қоидабузарликлар эса Ҳамкорбанкда аниқланди. Ушбу банк мижозлардан қонунга зид равишда 19,2 млрд сўм тўлов, гаров хизматлари учун 1,5 млрд сўм ҳамда шартномада кўрсатилмаган ҳолда 54,9 млн сўм комиссия ундирган. Барча ушбу маблағлар мижозларга қайтарилиши шарт.

Бу ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам кўп ҳолларда бузилаётганини яққол кўрсатади.

Марказий банк ушбу банкларга зарарни қоплаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш бўйича аниқ топшириқлар берган. Шунингдек, бундай ҳолатлар жамоатчиликка очиқланиб борилиши эълон қилинди.

Бу жараён банк тизимида шаффофликни таъминлаш билан бирга мижоз ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чунки молия бозоридаги энг катта капитал — пул эмас, ишончдир.

Истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши нафақат алоҳида мижозларга зарар етказади, балки бутун молиявий тизимнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли Марказий банкнинг қонунбузарликларга қарши қатъий чоралари банклар масъулиятини ошириш ва соҳага нисбатан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА