ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шу эзгу мақсад йўлида ҳарбий қисмларда мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши ва Бухоро ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилди.
[gallery-27313]
“Уч авлод учрашуви”да уруш ва меҳнат фахрийлари, айни пайтда хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Учрашув давомида Ватан ҳимояси, тинчликнинг қадр-қиммати, фидойилик ва жасорат мавзуларида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Фахрийлар ўз ҳаёт йўли, бошдан кечирган синовлари, юрт равнақи ва тинчлиги йўлидаги хизматлари ҳақида сўзлаб бериб, ёшларни она Ватанга садоқат билан хизмат қилишга даъват этди.
Тадбирда миллий армиямизнинг бугунги салоҳияти, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий тайёргарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг ҳаётий тажрибасидан муҳим сабоқ олди.
Таъкидлаш жоизки, бундай учрашувлар авлодлар давомийлигини таъминлаш, тарихий хотирани асраш ҳамда ёшлар онгига тинчлик неъматининг нақадар бебаҳо эканини сингдиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, тинчликни асраш ва юрт осойишталигини таъминлаш йўлида кеча ва бугун хизмат қилган авлодлар тажрибаси ёшлар учун бебаҳо ҳаёт мактабидир.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА