Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч авлод вакиллари учрашди
08:39 / 2023-02-05

Термиз давлат университетида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Сурхондарё вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Термиз давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда турли соҳа фахрийлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувда Термиз давлат университети ректорининг ўқув ишлари бўйича проректори Расул Тўраев сўнгги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакиллари ва ёшларга алоҳида эътибор қаратилаёгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Шунингдек, олий таълим тизимида юз бераётган янгиланишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Кекса авлод вакилларига иштирок учун миннатдорчилик билдириб, уларнинг ҳар бир сўзи, ҳаётий тажрибаси талаба-ёшларни Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, бой қадриятларимизга  ҳурмат руҳида тарбиялаб,  Янги Ўзбекистонни барпо этишда дахлдорлик туйғусини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан нуронийлар учрашув иштирокчиларига ўзларининг ибратли ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, тўплаган бой тажрибаси  ҳақида қизиқарли хотираларни сўзлаб берди. Ҳозирги давр билан ўзларининг навқирон йигитлик палласини қиёслаб, бугунги шароитлар тўғрисида фикр алмашди. Айни пайтда кекса авлод вакилларига ҳам, ёшларга ҳам бир хил ғамхўрлик кўрсатилаётганини фахр билан эътироф этишди. Талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Учрашув доирасида  меҳмонлар университетда ёш авлод учун яратилган имкониятлар, қатағон қурбонлари хотираси музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА