Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, фахрийлар, Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда жамоатчилик вакиллари Термиз шаҳридаги “Ватанпарварлар” ҳарбий-ватанпарварлик боғида “Уч авлод учрашуви” кўринишидаги давра суҳбати ташкил этди.
Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.
Мудофаа вазирлиги қўшинлари жанубдаги вилоятда ҳарбий-ватанпарварлик ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, қатъий фикр ва жисмонан соғлом авлодни камолга етказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Учрашувда кекса авлод вакиллари билаги кучга тўлган йилларни хотирлаб, айни пайтда ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида сўз юритди. Ватанимиз қўриқчилари ҳарбий хизмат нуфузи ва ҳарбий хизматчилар эришаётган ютуқлар, Янги Ўзбекистонни дунёга кенг тараннум этишда ўғил-қизларнинг ўрни хусусида фикр алмашди.
Тадбир доирасида ёшлар “Ватанпарварлар” ҳарбий-ватанпарварлик боғи билан ҳам яқиндан танишди. Тинч, тўкин ҳаётимиз посбонлари уларга боғдаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, мустақиллик йиллари осуда, обод турмушимиз учун мардларча жон фидо қилган ҳарбийлар тўғрисида маълумот берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири