Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида тумандаги “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшларнинг қишки таътил даврида бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм ташаббуси билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Афғон уруши фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида Афғон уруши фахрийлари ёшлар билан уруш йилларига оид хотираларини ўртоқлашди, ҳарбий хизматчилар эса ҳарбий хизматнинг масъулияти, миллий армиямиз салоҳияти ва Ватан ҳимоясининг муқаддас бурч экани ҳақида фикр билдирди.

Ўзаро мулоқот давомида уруш фахрийлари ва ҳарбийлар ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Тадбир доирасида намойиш этилган қурол-аслаҳалар кўргазмаси эса ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
– Ёшлар ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган ушбу тадбирга иштиёқ билан қатнашди, – дейди катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги кўргазмалари, мулоқот ҳамда суҳбатлари ёшларнинг ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари