Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч авлод учрашуви
15:52 / 2025-10-16

Ёш қалбда жасорат уйғотиш осон эмас. Аммо тарих орқали ватанпарварлик, бурч ва садоқат ҳақидаги ҳақиқатлар юракдан жой олади.

Сирдарё туманидаги 525- сафарбарлик чақирув резерви батальонида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” иштирокчиларга маънавий сабоқлар берди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда фахрийлар, амалдаги ҳарбий хизматчилар ва хизматни энди бошлаган ёш аскарлар бир саҳнада жам бўлди. Уларнинг юз-кўзларида турфа даврларнинг изи, бироқ қалбларида ягона туйғу– Ватанга садоқат бор эди.

“Уч авлод учрашуви”  бу шунчаки мулоқот эмас, балки турли авлодларнинг тақдири, хотираси ва бурчи уйғунлашган руҳий дарс бўлди. Афғон уруши қатнашчилари – ўтмишнинг жасорат рамзлари, бугунги офицерлар – замонавий армиянинг қудрати ва интизомини ифодаловчи тимсоллар, ёш аскарлар эса янги авлоднинг умидли давомчилари сифатида бир даврада ўтиришди.

Тадбир “Уч авлод – бир тарих, бир тақдир, бир бурч” ғояси асосида ташкил этилди. Бу ғоянинг моҳияти: вақт ўтади, замонлар ўзгаради, аммо Ватанга муҳаббат, бурч ва садоқат абадий қолади.

Афғон уруши фахрийларининг “Очиқ мулоқот”и ёшлар қалбида чуқур из қолдирди. 

– “Аскар – бу қурол тутган йигит эмас, миллат шаънини елкасида кўтариб юрадиган инсон”, – деди фахрийларнинг бири. – “Уруш – дўстликнинг энг олий синови. 

Ёш аскарлар тингладилар, кўзларида ифтихор ҳисси жилваланди.

– Бугунги “Уч авлод учрашуви”нинг аҳамияти беқиёс. Афғон уруши фахрийлари – жасорат ва садоқат рамзи, хизматдаги офицерлар – интизом ва масъулият намунаси, ёш аскарлар эса келажакда Ватанни ҳимоя қиладиган янги авлод. Улар бир жойда учрашар экан, бу нафaқaт мулоқот, балки маънавий тарбия жараёнидир. Бундай тадбирлар орқали ёшлар Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш ва унга хизмат қилиш маъносини юракдан ҳис этадилар, – деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов.

Тадбир доирасида Афғонистонда хизмат қилган ҳарбийларнинг шахсий ашёлари, фотосуратлар ва ҳужжатлардан иборат кўргазма ташкил этилди. Бу экспонатлар орқали ёшлар ўтмишнинг нафасини ҳис этдилар.

Ҳарбийлар иштирокидаги бадиий-публицистик чиқишлар, ватанпарварлик видеолавҳалари ва қўшиқлар тадбирга янада тантанавор руҳ бағишлади. Бу саҳналар орқали ҳар бир иштирокчи Ватанни севиш – бу фақат сўзлар эмас, амал, садоқат ва бурч эканини яна бир бор англади.

Ғулом Примов,  ЎзА мухбири