Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Президент мактабида “Уч авлод учрашуви” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ёшлар, ўрта ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт мактаби ҳамда қимматли тажрибасини бирлаштирди десак муболаға қилмаган бўламиз.
Тадбирга “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ва “Нуронийлар жамияти” фаоллари ҳамда “Кексалар маслаҳати гуруҳи” аъзолари ташриф буюришди. Улар ўзларининг бой ҳаёт тажрибалари ва инсоний ғоялари билан ёш иштирокчиларга муҳим маънавий-ахлоқий сабоқлар беришди.
Учрашув давомида фахрийлар, педагоглар ва иқтидорли ўқувчилар ўзаро фикр алмашиб, жамият ривожида ҳар бир авлоднинг роли ва масъулияти ҳақида мулоҳаза юритишди.

– Уч авлод учрашуви – бу нафақат ёшлар учун, балки барча авлод вакиллари учун катта маънавий қўллаб-қувватловчи тадбирдир, – деди тадбирда сўзга чиққан меҳнат фахрийси Қўзивой Абдуллаев. – Бу ерда ҳаёт тажрибаси ва билимлар алмашинади, инсонлар ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат билан боғланади. Ёшларнинг келажаги учун бундай учрашувлар жуда муҳимдир.Ушбу тадбир ёш авлодга маънавий озуқа бериш билан бир қаторда, уч авлод вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, ёшларни фақат билим билан эмас, балки ҳаёт тажрибаси, инсонийлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ёрдам беради.

– Уч авлод учрашуви бизга катта илм ва тажриба берди. Устозларимизнинг ҳаётдан олган дарслари, кекса авлоднинг ақл-ҳуши ёшларга йўл кўрсатади. Бундай тадбирлар ёшларни бирлаштиради ва келажакка ишонч билан қарашга ундайди,– деди Президент мактаби 11-синф ўқувчиси Асилбек Ашуров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири