Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Тошкент шаҳар “Нуроний” жамғармаси ва мазкур билим юрти ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини ошириш, уларга тўғри ҳаётий йўл кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тадбирда 120 нафар фаол нуроний, 280 нафар ёшлар ва курсантлар иштирок этди.

Ўзаро суҳбат давомида мамлакатимизда инсон қадрига юксак эътибор берилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айланаётгани қайд этилди.

Фахрийларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат машаққатлари, нуронийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида самимий фикрларини билдирди.

Қайд этилганидек, 2024 йил бошидан Тошкент шаҳри маҳаллалари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда 1 минг 119 та “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилиб, уларга 67 минг 789 нафар фуқаро жалб қилинди. Шундан, 31 минг 475 нафарини фахрийлар ва ўрта ёш вакиллари, 32 минг 695 нафарини ёшлар ташкил қилади.

“Уч авлод учрашуви” тадбирлари жойларда давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА