Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида "Миллий армия– она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони" шиори остида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Мудофаа вазирлиги Ватан таянчи бошқармаси, Халқаро Аёллар жамоат фонди ва Ветеран жамғармаси вакиллари, “Жасорат”мактаби ўқувчи-ёшлари, “Куч бирликда” валонтёрлик гуруҳи тарбияланувчилари, Университет курсант, талабалари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларининг иштирок этди.
Унда аввало давлатимиз истиқболи йўлида узоқ ва машаққатли меҳнати билан қадр топган Қуролли Кучларимиз фахрийлари, меҳнат фидойилари сўз олиб ибратли ҳаёт йўллари, ҳамда машаққатли хизмат фаолияти давомида орттирган бой тажрибалари, улкан ҳаётий сабоқлари ҳақида ҳикоя қилдилар. Айниқса, эришилган Мустақиллик неъмати, унинг қадр-қиммати ҳақидаги тарихий воқеалар тафсилоти ёшлар онгини бойитди.
Тадбир давомида университет ҳарбий оркестри ва ансамбли томонидан юртимиз истиқлолини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янграб, университет кеча ва бугунги куни тўғрисидаги видеоролик тақдим этилди.Тадбирдан сўнг меҳмонлар университет Ватанпарварлик маркази, Ўқув биносининг синфхоналари, Ахборот-ресурс маркази, Махсус машғулотлар полигони ҳамда ҳарбий хизматчилар ётоқхоналари билан яқиндан танишдилар. Юртимизда ёшларга яратилган шароитларнинг юксаклиги амалий исботи бўлган университет ҳаёти барчада ҳавас уйғотди. Айниқса, тадбирга ташриф буюрган ўқувчи ёшлар айнан шу университетга ўқишга кириш истагини яширмадилар.
Юксак ватанпарварлик руҳига йўғрилган “Уч авлод учрашуви” тадбири ана шундай унутилмас ва мазмунли лаҳзаларга бой бўлди.
Дарҳақиқат, фахрийлар эъзозда, ёшлар эътиборда, анъана ва тарихий мерос юксак қадрда бўлган элнинг эртаси қудратли бўлиши шубҳасиздир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/zfn0jbGSJ_E?si=uGp-jkeoDYwWWr4Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА