Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч авлод учрашуви: дўстлик, ҳамжиҳатлик шодиёнаси
10:51 / 2021-09-05

Лоғон қишлоғи Фарғона туманидаги чегарадош ҳудуд бўлиб, энг обод маскан сифатида тараққий этиб бормоқда. Бу тароватли гўша катта дўстлик байрамига мезбонлик қилди. Фарғона вилоятида дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечираётган турли миллат ва элатлар вакиллари, вилоятда фаолият олиб бораётган 8 та миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаолларини жамлаган “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Тадбирда Тожикистоннинг вилоят билан чегарадош Сўғд вилояти ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан келган меҳмонлар ҳам иштирок этди.

Ёши улуғларнинг ҳикмати ва ибрати, камол топаётган авлоднинг билим ва қудрати мамлакат тараққиётининг асосидир. Дўстлик, биродарлик руҳи, аҳил қўшничилик муносабати эса – тинчлик-осойишталик кафолати. Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида ушбу жиҳатлар алоҳида ўрин тутмоқда.

4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Фарғона вилоятида 400 минг атрофида ўнлаб миллат ва элат вакиллари аҳил ҳаёт кечирмоқда. Лоғонда бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” ҳам миллатлараро тотувлик, оға-инилик ришталарини мустаҳкамлади. Авлодлар ўртасидаги яна бир ўзига хос кўприк бўлди.

Меҳмонлар чегарада катта тантана билан кутиб олинди. Улар Марғилондаги «Ҳунармандлар маркази» фаолияти, у ерда тайёрланаётган матолар, миллий либослар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари билан танишди. Лоғонда “Баҳодир Лоғон текстил” қўшма корхонасини кўздан кечириб, бу ерда ип-калава ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди. “Vodiy shoes” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида эса эркак ва аёллар, болалар учун юқори сифатли пойабзаллар тайёрланаётганлиги қирғиз ва тожик делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Янги ташкил этилган маҳалла гузари олдида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Фарғонада фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар, фольклор жамоалари ўз чиқишларини намойиш қилди. Турли тилларда янграган куй-қўшиқлар, лапар ва ўланлар йиғилганларга байрам шукуҳини ҳадя этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, кекса-нуронийлар, фаол йигит-қизлар, турли миллатлар вакиллари иштирокида ўтган анжуманда сўз олганлар уч авлод учрашуви мазмун-моҳияти, катта авлод вакилларининг босиб ўтган йўли ёшларга доимо ибрат бўлиши зарурлигини тилга олдилар. Давлатимиз раҳбарининг пухта ўйланган оқилона сиёсати натижасида кўпмиллатли халқимизнинг бирлиги ва жипслиги янада кучайиб, юртимизда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатларига ҳурмат ва эътибор ошаётгани мамнуният билан қайта-қайта таъкидланди.

Вилоятда турли масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилган, бугун кексалик гаштини сураётган фахрийлар номлари бирма-бир санаб ўтилди. Айни пайтда бугунги кунда ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол ва ташаббускор бўлаётган ёшлар исмлари тилга олинди.

Қирғизистон ва Тожикистондан келган меҳмонлар ҳам ўзаро алоқалар турли жабҳаларда кундан кунга мустаҳкамланиб бораётганлигини, бу тинчлик-осойишталикни таъминлашда, иқтисодиёт ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.

Тадбир давомида вилоят ҳокими томонидан “Ёш китобхон оила” танловининг республика босқичи ғолиби сифатида ёшларга намуна бўлаётган Абдуллажон Ниёзматов ва Умидахон Ниёзматоваларга қимматбаҳо совғалар топиширилди.

Юртимиздаги таниқли санъат усталари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Унда қўшни Қирғизистон ҳамда Тожикистондан келган қўшиқчилар ҳам ўз ижролари, миллий қўшиқлари билан барчага кўтаринки кайфият улашди. Куй-қўшиқлар ўйин-кулгу ва рақсларга уланиб кетди.

[gallery-3758] 

М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА