Осиё Футбол Конфедерацияси (OFK) мусобақалар қўмитасининг январь ойидаги қарорига кўра, 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги саралаш тизими тубдан ўзгаради.
Унга кўра, энди ушбу ёш тоифасида алоҳида саралаш босқичи ўтказилмайди. Бунинг ўрнига минтақавий федерациялар масалан, "CAFA" мусобақаси Осиё Кубогига йўлланма берувчи турнир ҳисобланади.
Шу тариқа, "CAFA U17" чемпионати Марказий Осиё жамоалари жумладан, Ўзбекистон учун “Осиё Кубоги-2027” йўлланмаси асосий саралаш вазифасини бажаради, дея хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.
Маълумот учун, Марказий Осиё (CAФA) минтақасига 3 та йўлланма ажратилган. Бу шуни англатадики, минтақавий турнирда энг яхши натижа кўрсатган 3 та жамоа тўғридан-тўғри қитъа биринчилигига йўл олади.
Бошқа минтақалардаги квоталар қуйидагича:
Жануби-Шарқий Осиё: 4 та йўлланма;
Ғарбий Осиё: 4 та йўлланма;
Шарқий Осиё: 4 та йўлланма;
Жанубий Осиё: 1 та йўлланма.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА