Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқ ва бурчлар ҳақида очиқ мулоқотлар
14:11 / 2019-11-20

Бош Қомусимизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.


Бош Қомусимизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.

Ушбу конституциявий қоида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун билан янада мустаҳкамланиб, унда фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принциплари ўрин олган.

Бу борада соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши, профилактика чора-тадбирларининг устунлиги, соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши, тиббиёт фанининг амалиёт билан бирлиги таъминланиши шарт.

Бу меъёрларнинг амалда тўлиқ ифодасини топиши нафақат аҳолининг, балки соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг улардан хабардор бўлишини тақозо қилади. Демак, тиббиёт ходимлари фақат ўз соҳаси бўйича илм ва тажриба эгаллаш билан чекланиб қолмай, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам билиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда унинг тизимида фаолият юритувчи ходимлар учун ҳуқуқий ўқув курслари ташкил этди.

Курсларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига қаратилган қонунлар, тиббиёт ходимлари билиши ва эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар бўйича тушунча берилди.

Шу билан бирга, коррупциянинг хавфли жиҳатлари, бу иллатга қарши курашиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Чунки айнан ушбу соҳада бу иллат учраб туриши сир эмас. Бунга барҳам бериш борасида давлат томонидан соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича амалий ишлар қилинди. Бунга жавобан тиббиётчилар ҳам ўз фаолиятларида ҳалолликка, қонунийликка риоя этиши аҳолининг норозилиги барҳам топишига, муҳими, соҳанинг ривожланишига йўл очади.

Бундан ташқари, меҳнат қонунчилиги нормалари, мурожаатлар билан ишлашга оид меъёрлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва келишиш тартиби ҳам тушунтирилди.

– Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида бепул ҳуқуқий маслаҳат курслари ташкил этилаётгани ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ошишига кўмак беради, – дейди Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шерзод Рабиев. – Турли соҳа ходимлари билан юзма-юз мулоқот қилар эканмиз, уларда ҳам ўзига яраша саволлар борлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Уларга жавоб бериш баробарида ҳуқуқ ва бурчлар ҳақида, қолаверса масъулият ҳақида олиб бораётган суҳбатларимиз таъсирчанлиги сезилмоқда.

Ўқув курсларида Адлия вазирлиги масъул ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор ўқитувчилари ва Юристлар малакасини ошириш марказининг малакали ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Ўқув якунида ходимларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси ҳам ўрганиб борилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан шу йилнинг ўтган даврида Мудофаа, Мактабгача таълим, Инвестициялар ва ташқи савдо, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Жисмоний тарбия ва спорт, Инновацион ривожланиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Статистика, Монополияга қарши курашиш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмиталари ходимлари учун шундай бепул ҳуқуқий курслар ташкил этилган.