Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг функция ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш лозим... ТАҲЛИЛ
17:11 / 2020-10-28

Таҳлил натижаларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг функция ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш лозим ва бу борада ягона қонунни ишлаб чиқиш ҳозирги замон талабидир.


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари деганда мамлакатда қонун устуворлигини, жамоат тартиби ва хавфсизлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, тезкор-қидирув, маъмурий ва жиноят-процессуал фаолиятни амалга оширувчи ҳамда аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи, зарур ҳолларда давлат мажбурлови чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган давлат органлари тушунилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига қуйидаги давлат органлари киради. Булар: прокуратура, адлия органлари, ички ишлар органлари, давлат божхона хизмати органлари, давлат хавфсизлик хизмати органлари, Миллий гвардия, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросидан иборат.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг функция ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш лозим ва бу борада ягона қонунни ишлаб чиқиш ҳозирги замон талабидир. Шундай тизим яратилиши керакки, унга кўра бирор бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ўз ваколатларидан ташқарига чиқмаслиги, бошқа органларнинг функцияларини такрорламаслиги лозим.

ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА 

Россия Федерациясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига 6 та давлат органлари киради. Хусусан: прокуратура, ички ишлар органлари, федерал хавфсизлик хизмати, божхона органлари, Тергов қўмитаси ва адлия органлари...

Прокуратура органлари тергов фаолияти билан шуғулланмайди. Дастлабки терговни фақат РФ Тергов қўмитаси, ИИВ Тергов қўмитаси ва ФХХ терговчилари олиб бориши мумкин. Прокуратура улар фаолиятида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

РФ адлия органларининг мамлакатимиз адлия органларидан фарқи шундаки, унинг таркибига суд приставлари (ижрочилари) федерал хизмати киради ва адлия вазири бир вақтнинг ўзида РФ Бош суд пристави ҳисобланади. 1997 йил 21 июлда қабул қилинган «Суд приставлари тўғрисида»ги Қонунга кўра суд приставлари хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган.

Жазони ижро этиш федерал хизмати (жиноий жазоларнинг ижроси билан шуғулланади) ҳам бевосита Адлия вазирлиги таркибига киради. Бундан олдин мазкур тузилма Ички ишлар вазирлиги таркибига кирувчи бошқарма бўлган.

Украина давлатининг «Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг давлат ҳимояси тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тизимига 15 та давлат органлари кириши кўрсатиб ўтилган. Украина Пенитенциар хизмати жазоларни ижро этиш хизмати ҳисобланиб, Адлия вазирлиги таркибига кирувчи орган ҳисобланади.

Қозоғистон Республикасининг 2011 йил 6 январда қабул қилинган «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи хизматлар тўғрисида»ги ҚРҚ-380-IV-сон қонуннинг 3-моддасига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига

4 та давлат органлари киради. Булар: прокуратура, ички ишлар органлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Иқтисодий тергов хизмати органидан иборат.

Америка Қўшма Штатларида прокуратура функциясини Атторнейлар хизмати бажаради. У алоҳида иккита тизимга бўлинади: федерал ва штатлар даражасида. Атторнейлар хизмати ижро этувчи ҳокимиятнинг бир қисми бўлади. Федерал атторнетурага Бош атторней раҳбарлик қилади, у бир вақтнинг ўзида АҚШ адлия вазири ҳисобланади. АҚШ Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва Конгресс Сенати томонидан тасдиқланади.

Адлия вазирлиги тизимида солиситорлар хизмати, маршаллар (суд қарорларини ижро этиш полицияси) мавжуд. Шунингдек федерал турмалар ва бошқа озодликдан маҳрум қилиш жойлари ҳам Адлия вазирлиги тизимига киради.

Ҳар бир штатда ўзининг атторнетураси мавжуд. Уларга бош атторней раҳбарлик қилади. Кўплаб штатларда атторнейлар губернаторлар томонидан тайинланса, баъзиларида аҳоли томонидан умумий сайловларда сайланади.

Федерал атторнетура жиноят ишлари, фуқаролик ҳуқуқларининг бузилиши, солиқ, табиатни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, трестларга қарши курашишга доир қонунчиликнинг бузилишига доир ишларда айбловни амалга оширади.

Адлия департаменти ҳузурида Федерал тергов бюроси ташкил этилган. Атторнетура барча ишларнинг тергови юзасидан раҳбарликни амалга оширади ва бу борада катта ваколатларга эга. Бош атторней ва округ атторнейлари жиноят ишини исталган босқичда тўхтатиб қўйиши мумкин.

Германия давлатида 6 та органлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига киради. Булар: прокуратура органлари, федерал полиция, чегараларни қўриқлаш федерал хизмати, Бундестаг полицияси хизмати, Федерал криминал хизмат ва ҳудудларда Ер полициялари хизмат олиб боради.

Прокуратура фаолияти «Суд тузилиши тўғрисида»ги Қонун, «Прокуратуранинг ташкилий тузилиши тўғрисида»ги Низом билан тартибга солинади ва Адлия вазирлиги таркибига кирувчи орган ҳисобланади.

Буюк Британияда континентал Европадан фарқли равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ягона тизими шаклланмаган. Тизим мамлакат қисмларига қараб белгиланган. Мисол учун, Англия ва Уэлсда полиция фаолияти 1964 йилда қабул қилинган «Полиция тўғрисида»ги Қонун (Police Act) билан тартибга солинса, худди шу номда 1967 йилда Шотландия, 2000 йилда Шимолий Ирландияда қабул қилинган қонунлар билан тартибга солинади. Полиция фаолиятига раҳбарликни бош констебль (chief constable) амалга оширади. Бундан ташқари мустақил констебллар ҳам бўлиб, улар маҳаллий полицияга бўйсунмайди. Ўзбекистон тажрибасида олиб қараладиган бўлса, улар профилактика инспекторлари вазифасини бажаради.

Бундан ташқари уларнинг фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунлар ҳам мавжуд. 2005 йилда қабул қилинган «Полиция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, 2006 йилда қабул қилинган «Полиция, жамоат тартиби ва жиноят ишлари бўйича одил судлов тўғрисида»ги Қонун (Шотландия), 2006 йилда қабул қилинган «Полиция ва одил судлов тўғрисида»ги Қонун каби қонунлар шулар жумласидандир.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Ўзбекистон Республикаси ва ривожланган хорижий мамлакатлардаги ҳолатни ўрганиш натижалари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириш таклиф этилади.

Тергов органлари фаолиятини ташқи таъсирлардан холи қилиш, тергов фаолиятида холислик ва қонунийликни янада таъминлаш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Беларусь ва Австрия каби давлатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти негизида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан мустақил бўлган алоҳида тергов органи таклиф этилади. Бу тергов фаолиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки тергов асосан Ички ишлар вазирлигининг суриштирувчи ва терговчилари томонидан амалга оширилади. Ўзига тегишли бўлинма томонидан тергов қилинган иш бўйича айбдор деб топилган шахсга тайинланган жазонинг ижро этилишини ҳам шу орган амалга ошириши мақсадга мувофиқ эмас. Бундан ташқари жазоларни ижро этиш фаолиятини амалга ошириш «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 2 ва 4-моддаларида белгиланган ички ишлар органларининг асосий вазифалари ҳамда йўналишларига мос келмайди.

Шу сабабли ҳозирда Ички ишлар вазирлиги таркибида бўлган Жазони ижро этиш бош бошқармасини АҚШ, Россия Федерацияси, Украина каби давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги тизимига ўтказиш таклиф этилади.

Прокуратуранинг қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи орган эканлигини инобатга олган ҳолда унинг ҳузурида ташкил этилган ҳамда белгиланган мақсад ва вазифаларига мувофиқ бўлмаган вазифалар билан шуғулланувчи Мажбурий ижро бюросини прокуратура органлари тизимидан чиқариш таклиф этилади.

Бунда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросини АҚШ, Россия каби давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги тизимига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мазкур таклифлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда мазкур органлар фаолиятининг ривожланишига ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими