Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш қанчалик долзарб аҳамиятга эга эканини англатади.
“Биз қанчалик мукаммал қонунларни яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онгги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади”.
Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш қанчалик долзарб аҳамиятга эга эканини англатади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, онгини ошириш мақсадида қатор ишларни амалга оширмоқда.
Шу мақсадда Олий суд билан ҳамкорликда “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида”, “Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида” ҳамда “Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши” деб номланган китоблар нашр этилди.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Ҳувайдо маҳалла фуқарорлар йиғинида бўлиб ўтган тадбирда ана шу китобларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди.
Тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви ҳамда Тошкент шаҳар бўлими масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳаллалар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Олий суд билан ҳамкорликда чоп этилган китоблар, энг аввало, халқимизнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, оилавий қадриятларни асраш, ота-онага ҳурмат туйғусини янада юксалтиришга хизмат қилади.
“Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши” амалий қўлланмаси бугунги кунда жуда долзарб бўлиб, “снос”ларга оид қонунчиликни янада мукаммал тушунишга ёрдам беради. Чунки китобда ер участкаларини бериш ва реализация қилиш, кўчмас мулк объектлари бузилиши муносабати билан мулкдорларга компенсация бериш тартиби ва турлари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Тадбирда архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган кўчмас мулклар ўзимбошимчалик билан қурилган иморатлар ҳисобланиши яна бир карра таъкидлаб ўтилди. Бундай иморатларни тиклаган шахслар иншоотга мулк ҳуқуқини ололмаслиги ва бино ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахснинг ҳисобидан бузилиши эслатиб ўтилди.
“Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида” китоби ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Китобда мерос билан боғлиқ низоларни ҳал этишга урғу берилган. Жумладан, мерос иши қачон ва қай тартибда очилиши, мероснинг тақсимланиши, мерос олиш ҳуқуқидан четлатилиши мумкин бўлган шахслар, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, китобда васиятнома тузиш бўйича ҳуқуқий тавсиялар ҳам ўрин олган.
“Оила – муқаддас даргоҳ” китобида қадриятлар бешиги бўлмиш оиланинг батакрор тарбия қўрғони эканига урғу берилган.
Рисолада никоҳ тушунчаси, никоҳ шартномасида келин ва куёвнинг бурч ва мажбуриятлари, болаларнинг мулкий ҳуқуқлари, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳамда меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбуриятлари ҳақида батафсил сўз юритилган.
“Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида” китобида меҳнатга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар содда тилда тушунтирилган. Хусусан, “Меҳнат шартномаси” тушунчасига қисқа ва содда изоҳларни ўқийсиз.
Тадбир якунида янги нашр этилган китоблар пойтахт маҳаллалалари вакилларига тарқатилди.