Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳуқуқбузарликлар камаймоқда
14:10 / 2019-11-05

Жиззахда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.


Жиззахда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш вазифалари соҳалар бўйича таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.

Вилоятда ўтган тўққиз ойда жиноятлар сони 309 тага ёки 23 фоиз камайган. Шу жумладан, аёллар ўртасида 17 фоиз, вояга етмаганлар томонидан 16 фоиз, ишламайдиганлар томонидан 22 фоиз, илгари судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 53 фоиз камайишига эришилган.

Бироқ жиноятларнинг умумий сони камайган бўлса-да, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилаётир, деб бўлмайди. Йиғилишда шаҳар-туманлар ҳудудларида жамоатчилик масканлари тўлиқ ташкил этилмагани, жиноятларнинг олдини олиш юзасидан маҳаллаларда етарли даражада тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмаётгани, видеокузатув камералари тегишли жойларга ўрнатилмай келинаётгани, ишсиз юрган фуқароларнинг алоҳида рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, “Фидокор ёшлар” патруль хизматлари фаолиятида йўл қўйилаётган сусткашликлар танқид қилинди.

Муҳокамалар давомида коллеж ўқувчилари, ёшлар ўртасида, ишсизлар, илгари судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар, яшаш жойларида, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ва қўни-қўшнилар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўрта махсус таълим, бандлик бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа тегишли ташкилот ва идоралар масъулларининг ахборотлари, таклиф ва тавсиялари эшитилди.

– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишининг ҳар чоракда ўтказилиб келинаётгани яхши самара бераётир, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Жўрабек Авазов. – Йиғилишларда ҳар бир соҳада ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишлар ушбу соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий муҳокама этилиб, нуқсонларнинг юзага келиш сабаблари аниқланмоқда. Навбатдаги йиғилишда ҳам камчиликларнинг илдизларини аниқлашга асосий эътибор қаратилди. Нуқсоннинг илдизи аниқлангач, уни бартараф этиш осон кечади.

Йиғилишда мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.