Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
У халқ таълими тизими фидойиси эди...
19:10 / 2020-10-06

Талабалик давридан ишчанлиги, билимдонлигини сезган раҳбарият уни ёшлар ишига сардор этиб тайинлади.


Ўзбекистон халқ таълими тизими фаоли, собиқ тузум даврида 30 йилча Маориф вазирининг ўринбосари бўлиб ҳалол, самарали хизмат қилган, ўша даврда ўзбек мактаблари моддий-техник базасини янада яхшилаш, ўқитувчининг нуфузи, мақомини кўтариш йўлида елиб-югурган билимдон, камтарин инсон Насриддин Раҳмонов 2020 йилнинг 6 октябрь куни оламдан ўтди.

Устознинг ҳурмати бажо келтирилиб, Чиғатой қабристонига дафн этилди. Унинг хотираси маориф ходимлари, таълим фидойилари, жамоатчили томонидан илиқ сўзлар билан ёдга олинади.

Насриддин Раҳмоновнинг 80 ёшида ўз хотиралари ва шогирдларининг дил сўзлари ёзилган “Умр йўли” китоби (2004) ўзбек педагогларининг аллақачон севимли мулкига айланиб улгурган.

У 1924 йил Нурота шаҳрида таваллуд топди. Болалигида эрта етим қолиб, кўп қийинчилигу кўргиликларни бошидан кечирди. 1942–1946 йилларда армия сафида хизмат қилди. Армия хизматидан бўшагач, Нуротадаги мактаблардан бирига ўқитувчиликка чақиришди. Муаллим кадрлар етишмас эди. Таниқли шарқшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мубинжон Баратовнинг ҳикоя қилишича, 7-синфда ўқиётганида, дарсларига 21–22 ёшли йигит киради. Бу муаллим тарих, география, жисмоний тарбия, ҳарбий иш, конституция, кимё каби фанлардан дарс берарди. Бир куни адабиёт домласи Файзиев бетобланиб қолганида, ўрнига кетма-кет икки соат дарс ўтган Насриддин ака ўқувчиларга Шекспирнинг “Ҳамлет” трагедиясини сўзлайди.

– Китобдан ўқийсизми ёки гапириб берасизми? –деб сўрашади болалар.

Насриддин ака ваъдасига вафо қилиб, икки соат давомида трагедияни ёддан гапиради. “Бизга, айниқса, Ҳамлетнинг отаси арвоҳи билан сўзлашгани, онаси билан амакиси отасига қандай қилиб заҳар берганини ва шунга ўхшаш ҳолатларни жуда таъсирли баён этдилар, – деб ёзади академик М.Баратов. – Бизлар миқ этмай эшитдик”.

Мубинжон ака яна бир ибратли воқеани хотирлайди: “Кунларнинг бирида танаффус пайтида кўзимиз муаллимимизнинг дафтарига тушди. Дафтар муқовасидаги арабча ёзувларни кўрдик. Танаффусдан кейин синфга кирганларида: “Устоз, арабчани биласизми?” – деб сўраганимизда, улар: “Биламан, “Қуръони Каримни ёдлаганман”, – дедилар. Биз ҳайрон қолдик. Ҳаммамизни ишонтириш учун муаллимимиз араб тилида бир неча калималар, Қуръондан оятларни айтиб бердилар” (Раҳмонов Н. Умр йўли. –Тошкент, Ибн Сино нашриёти, 2004. –84-85-бет).

У 1947–1952 йиллари Самарқанддаги Ўзбек давлат университетига ўқишга кириб, имтиёзли диплом билан битирди. Талабалик давридан ишчанлиги, билимдонлигини сезган раҳбарият уни ёшлар ишига сардор этиб тайинлади. Университетни тугатиб, Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўқитувчилик қила бошлади. Умр йўлдоши Саломат ая ҳамроҳлигида мактабда таълим-тарбия ишларига масъулият билан ёндашиб, жамоа, ота-оналар, ўқувчиларнинг ҳурматига сазовор бўлади. Кўзга тушган муаллимни Маориф вазирлигига ишга таклиф этишади. 1952 йилнинг ўзида вазирликда кечки мактаблар, кейин ўрта мактаблар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлади. Шундай қилиб, раҳбарлик пиллапоясига дадил қадам қўйилди. Билимдон, маданиятли йигит тезда “юқори раҳбар”ларнинг назарига тушди, ҳатто 1953–1954 йилларда республика Министрлар Советининг раислари Н.А.Муҳиддинов ва У.Ю. Юсуповларнинг ёрдамчиси бўлиб ишлашга эришган эди.

– Ўшанда ҳозирги Фанлар академиясининг биносида хизмат қилардим. Урушдан кейинги машаққатли йиллар. Қийинчиликни кўрганлигимданми, раҳбарларимиз оғир, вазмин, мулоҳазали кишилар эди, –деб ҳикоя қилади отахон. – Улардан одамлар билан чиройли гаплашиш, тенг мулоқот қилиш, оғир масалаларни қай тартибда осон ҳал этиш йўлларини ўргандим. Хусусан, ҳужжатлар билан ишлаш, вазифалар ва топшириқларни ходимларга тенг тақсимлаш, назоратни кучайтириш каби ташкилий-сиёсий ишлар мени анча пишитди.

Сўнгра, уни Самарқанд вилояти халқ маорифи бўлими бошлиғи лавозимига юборишди. 1954–1959 йилларда бу ерда ишларни жонлантиргач, республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ректор вазифасига чақиришди. Ниҳоят, 1970 йилдан Халқ маорифи вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Вазирликнинг энг қийин тармоғи – молия, режалаштириш, қурилиш, таъминот тармоғини, олий ва ўрта педагогика ўқув юртларини бошқарди. У зиммасига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажариш учун бор куч-ғайратини, имкониятини аямади. 70–80-йилларда мактабларнинг ўқув-моддий базаси ниҳоятда ачинарли аҳволда эди. Шароит оғир, ҳатто дарслар уч сменада олиб бориларди. Шунда Н. Раҳмонов бир қатор ғоялар, таклифларни ўртага ташлаб, соҳанинг устувор жиҳатларини топиш, ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.

Вазир Саид Шермуҳамедов ўша йиллар воқеаларини шундай хотирлайди:

– Насриддин аканинг раҳбарлик услубида шахсий намуна муҳим роль ўйнар эди. Яна бошқа масалада ҳам чиндан кўпчиликка ўрнак эди. Бу –интизоми, фидойилиги, меҳнатсеварлиги, масъулиятни тўла ҳис этиши, ўзига ва қўл остидаги ходимларга талабчанлиги, қаттиққўллиги, айни пайтда, меҳрибонлиги ва ғамхўрлиги, оилага чексиз садоқати ва болажонлигидир (Ўша китоб. 77-бет).

Бизга маълумки, 1972 йилдан педагогика институтлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидан Маориф вазирлигига ўтказилади. Ўша синовли қийин дамларда ходимлар жонбозлик, қатъиятлилик кўрсатиб ишлайди. Аммо аксарият ташкилий-ҳуқуқий ишлар Насриддин Раҳмоновнинг елкасига тушганди. У барча ташкилий ишларни ишчанлик, тезкорлик ва моҳирлик билан уюштира олганди.

Ҳақиқатан ҳам, 1970 йилларда Ўзбекистондаги 14 та педагогика институти, 36 та педагогика билим юрти, 15 та малака ошириш институти, мактабгача таълим муассасалари ходимлари малакасини ошириш республика курси, Қори-Ниёзий номидаги педагогика илмий тадқиқот институтлари Маориф вазирлигига қараган эди.

– Маориф вазирлиги тизимидаги 17 минг муассасани асбоб-ускуналар, қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар, ўқув қуроллари, қурилиш материаллари, ҳатто ўтин-кўмир, ёқилғи ва транспорт воситалари билан таъминлашда, минглаб мактаблар, болалар боғчалари, педагогик институтлар, билим юртлари биноларини қуришда шахсан қатнашганман, – деб ҳикоясини давом эттирган эди бир суҳбатимизда отахон жиддий тортиб. – Туну кун ишлаш, назоратни кучайтириш ҳисобига шунча оғир вазифани яхши уддаладик. Яна Россия Федерацияси, Украина, Белоруснинг ўқув юртларида юз минглаб ўқитувчи кадрлар ўқитилди. Педагогика институтлари учун минглаб фан номзодлари, фан докторларини тайёрлашга ҳам улгурганмиз. Энг муҳими, ўқитувчи кадрлар сифатини яхшилашга, ўқув-тарбия усулларини такомиллаштиришга эришган эдик...

Бундай кенг миқёсдаги тадбирларни рўёбга чиқаришда устознинг иймонлилиги, билимдонлиги, сабр-тоқатлилиги, адолатлилиги, масъулиятлилиги, ўз манфаатини давлат манфаатлари билан уйғунлаштира олиши пойдевор вазифасини ўтаган, десак хато қилмаймиз.

“Интилганга толе ёр”, деган мақол бекорга айтилмаган. Н.Раҳмонов ўта тиришқоқлиги, сабр-қаноатлилиги, билими ва заҳматли меҳнатлари эвазига эл ичида обрў-эътибор топа бошлади.

– Менинг ҳаётдаги катта бахтим – болаликдан Қуръонни ёд олганим бўлди, – деган эди Насриддин бобо бир суҳбатимизда. – Камина 9-10 яшарлигимдаёқ Ислом дини нури билан руҳий озиқланиб, чиниққан эдим: асли кимлигимни, нимага яшаётганлигим ва авлодларим ким эканлигини билардим. Фақат яхшиликни ўйлардим, ёмонликлардан ҳазар қилардим, инсон бошига тушажак азал ва абад сир-асрорларидан бохабар яшашга интилардим. Тенгдошларимдан ажратиб турадиган бундай кучли жиҳатларим менга беҳисоб куч-қудрат бағишлади, деб ўйлайман. Иккинчи бахтли жиҳатим шуки, оқила, ҳалол умр йўлдошимни топдим. Иккаламиз ҳам етим ўсган эдик. Оила қургач, тўкис одамларга айландик, умр йўлида бир-биримизга ҳақиқий суянчиқ, яқин маслакдош бўлиб яшадик. Ҳамкасбим Саломатхон маърифат соҳасида баракали меҳнат қилиб, Чилонзордаги 126-ўрта мактабни 28 йил бошқарди.

Отахон Ўзбекистонда ва жаҳонда содир бўлаётган воқеалардан доимо хабардор эди. Улар Ироқда, Сурияда, Украинада рўй бераётган хунрезликларни қоралаб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни юксак қадрлар, маориф соҳасидаги ислоҳотларни таҳлил қиларди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг дадил ҳаракатлари ва ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳотлари, муаллимлар маошини ошириб, жамиятдаги мақомини кўтаришга ҳаракат қилаётгани устозга жуда ёқарди.

– Ўғлим Диёржон Қувайтда элчи бўлиб қайтди, унинг икки ўғли давлатнинг масъул лавозимларида ишлашади, – деб қувончини ўртоқлашган эди бир ташрифимизда. – Неварам Шарофжон Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари, Ғайратжон катта вазирликнинг масъул ходими. Қизларим Дилбар ва Замиралар бахтли хонадонларнинг келини. Фарзанд ва набираларим, келинларим инглиз, немис, француз, араб, хитой тилларида бийрон сўзлашадики, буни кўриб дилим яйрайди. Тил билган, дунё таниган авлодимдан, дориломон истиқлол замонида яшаётганимдан бағоят мамнунман, ўғлим. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдан бошлаб берган бунёдкорлик ишларини кўриб ва эшитиб, дилим ғурурга тўлади.

Насриддин Раҳмонов қайси лавозимда ишламасин, ҳаққонийлиги, ҳалоллиги, камтаринлиги, дўстларига ва шогирдларига нисбатан оқибатлилиги сабабли халқимизнинг суюкли фарзандига айланган шахс эди. Устознинг бир одатлари бор эди: шогирдлари лавозимга ўтирганида ёки байрам кунларида уларни биринчилардан бўлиб табриклар, оиладаги ҳар бир фарзанди номини айтиб, нима билан машғуллигини сўрарди.

Отахон босиб ўтган ҳаёт йўлидан жуда миннатдор эди. Боиси, эр йигит орзу қиладиган бахт-иқболга эришди! Ўзлари 95 ёшдан ошган, Саломатхон ая 90 га кирган бахтли инсон эдилар.

Насриддин Раҳмонов раҳбарлик фаолияти билан чекланиб қолмасдан, “Ўзбекистон маданияти тарихи очерклари”, “Миллий озодлик ҳаракатининг долзарб масалалари, “Ўзбекистонда педагогик таълим тараққиёти” каби илмий-услубий китобларни ҳам ёзганди. Шогирдлари жуда кўп эди. Жумладан, узоқ йиллар маориф соҳасига улкан хизмат қилган педагогика фанлари докторлари Ж.Ғ.Йўлдошев, Р.Ҳ.Жўраев, Р. Ш.Аҳлиддинов, Ҳ. Йўлдошев; биология фанлари доктори, академик А.Қосимов, фалсафа фанлари доктори, академик М. Б. Баратов, физика-математика фанлари доктори, профессор А. Отақулов, кимё фанлари доктори, профессор К. Розиқов, тарих фанлари доктори, профессор К.Оқилов, фалсафа фанлари доктори, профессор Н.Жабборов, тарих фанлари доктори, профессор Э. Холиқов, профессор М. Маматов садоқатли шогирдлари эди.

Эсимда, 2014 йили 5 январь куни, устоз туғилган кунида Нурота Чашмаси ҳудудидаги супада, Чилустун жоме масжиди ёнида устознинг 90 йиллик тўйлари тантанали нишонланди. Пешин намозидан чиққан тумонот одам тадбир дастурхонига шошилди. Ҳамма нуроний бобо билан саломлашгиси келар, суҳбатига ошиқарди. Чиройли табриклардан кейин оқсоқоллардан бири шундай деди:

– Бу зиёли одам Нур чашмасидай тоза, самимий, пок яшаб, имон-эътиқодини бузмай келгани учун Аллоҳ ҳам обрў, ҳам умрларини зиёда қилиб турибди. Сиздай инсон бўлишни кўпчилик орзу қилади.

Ҳақ гап. Насриддин Раҳмоновнинг республикамизда халқ таълими тизими, хусусан, пойтахт ҳамда вилоят мактабларида таълим ва тарбиянинг сифати йўлида амалга оширган фидокорона ишлари ва қутлуғ номи уни билган, бирга ишлаган, довруғини эшитган барча муаллимлар, шогирдлари қалбида абадий қолади. Охиратингиз обод бўлсин, фидойи муаллим, устоз.