Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати маълум қилди. Таъкидланишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини табиий газ билан хавфсиз ва самарали таъминлаш, мазкур жараённи тўлиқ рақамлаштириш ҳамда ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида автомобиль газ тўлдириш-компрессор станциялари (АГТКШ)да “U-gaz” ахборот тизими жорий этилмоқда.
Тизим орқали газ тарқатиш устунларидаги маълумотлар реал вақтда тўпланади ва мониторинг қилинади. Бу эса табиий газ сарфи бўйича аниқ ҳисоб-китоб юритиш, қонунбузарликларни бартараф этиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш имконини беради.
Шунингдек, ушбу тизим орқали автотранспорт воситаларига белгиланган меъёрдан ортиқ босимда газ тўлдириш ҳолатига чек қўйилади. Агар транспорт воситаси техник кўрикдан ўтмаган бўлса, унга газ қуйиш тақиқланади.
Ҳозирги кунда мамлакат бўйича мавжуд 1 минг 442 та АГТКШдан 424 тасида “U-gaz” тизими тўлиқ жорий этилган бўлса, яна 742 та станцияда рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
"Ўзэнергоинспекция" ҳамда газ таъминоти ташкилотлари томонидан жойларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Тадбиркорлик субъектларига “U-gaz” тизимининг афзалликлари ҳамда амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан атрофлича маълумот бериляпти.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 июлдаги 387-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб АГТКШларда “U-gaz” тизимини жорий этиш мажбурий ҳисобланади.
Шу муносабат билан мазкур тизимни жорий этмаган станциялар фаолияти чекланади. Шунингдек, сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини ҳамда газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш бўйича лицензиялаш тартиби қайта кўриб чиқилади.
Маълумот учун, 2024 – 2025 йилларда АГТКШларда 276 та ҳолатда 591,5 миллиард сўмлик табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, 11 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА