Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тьюторлар учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда
14:23 / 2024-07-12

Бугун дунёда йирик ахборот марказлари ўртасида информацион кураш кундан-кун авж олиб бормоқда. Шу боис, ёшларимиз ахборот таъсирида бир томонлама фикрлайдиган бўлиб қолишларининг олдини олиш ва мустақил фикрга эга, танқидий фикрлайдиган талаба-ёшларнинг ҳар томонлама дунёқарашини шакллантириш долзарб ҳисобланади.

Ахборот ҳужумлари авж олган бир даврда глобаллашув жараёнининг ўзига хос ижобий томонлари билан бирга, бир қатор салбий жиҳатлари ҳам намоён бўла бошлайди. Ижтимоий тармоқларда ёшларнинг турли таҳдидларга учраётганлари ҳақида кўп эшитамиз. Мана шу жиҳатларнинг олдини олишда тьюторлар маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, соғломлаштиришга оид турли тадбирлар орқали талабаларнинг ахборот саралаш иммунитетини шакллантиради.    

Бугунги кунда республикамиздаги 130 та олий таълим муассасасида 3 минг 85 нафар тьюторлик фаолияти йўлга қўйилган. Шундан 2 минг 879 нафари давлат, 162 нафари нодавлат ҳамда 44 нафари хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида фаолият юритади.    

Тьюторлик институтини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг олий таълим муассасасидаги таълим-тарбия жараёнларига мослашувига кўмаклашиш, уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш, шунингдек, шахсий-касбий ривожланишида яқиндан ёрдам беришдан иборат.  

Олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий шароитида узлуксиз касбий ижодий ўз-ўзини ривожлантиришга қодир бўлган профессионал малакали мутахассисларни тайёрлаш долзарб бўлиб бормоқда.  

Талабанинг касбий, шахсий ривожланиши, назарий-мажмуавий билим ва амалий кўникмаларни ҳар томонлама эгаллаши, турли вазиятлардаги муаммоларни тўғри таҳлил қилиши, уларни ҳал қилиш йўлларини тушунишида тьюторларнинг маслаҳат ва кўмаклари муҳим.  

Шундай экан, бугунги кунда тьюторларга юклатилган энг асосий вазифа ҳар бир талабанинг оилавий шароити, дарсларга мунтазам қатнашишини назорат қилиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдан иборат. Айниқса, университетга қарашли талабалар турар-жойлари ёки ижара асосида истиқомат қиладиган талабаларнинг юриш-туриши, атрофидаги дўст-дугоналари ким экани, қизиқиш ва хоҳиш-истакларидан ҳам хабардор бўлиш каби вазифалар ҳам тьюторлар эътиборидан четда қолмаслиги керак.    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 сентябрдаги қарорига асосан олийгоҳларда талаба-ёшлар билан ишлаш учун тьюторлик вазифаси йўлга қўйилди. Бунда 1-3-курс талабаларининг маънавий ва ижтимоий ҳолатини доимий ривожлантиришда таҳлил қилиб борувчи, мавжуд муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тьюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.  

Бугунги кунда ҳар бир олий таълим муассасасидаги 120-150 нафар талабага 1 та штат бирлигида тьюторлар фаолият олиб бормоқда. Шунга кўра, тьюторларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича жорий йил 20 январдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 36-сон қарорида олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган тьюторларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди.    

Олий таълим муассасаларидаги жаъми 1 минг 868 нафар тьютор жорий йилда малака ошириш курсларига жалб этилмоқда. Шундан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти олий таълим муассасаларининг 587 нафар тьюторлари тўғридан-тўғри, ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг 1 минг 281 нафар тьюторлари масофавий (онлайн) малака ошириш курсларига жалб этилади.  

19 июнь кунидан режа-график асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш марказида барча олий таълим муассасаларидаги тьюторларнинг малакасини ошириш курси бошланди.  

Мазкур малака ошириш курсларида жаъми 123 нафар тьюторлар таҳсил олди ва улардан курсни муваффақиятли якунлаган 117 нафари сертификат билан таъминланди.  

Малака оширишда тьюторлик махсус педагогик иш усули сифатида талабанинг ўз индивидуал таълим дастурини ўрганиб чиқиши, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, яъни талабанинг янги касбий позициясини  шакллантириш жараёнида муҳим ўрин тутиши каби жиҳатла ўрганилди.    

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, талаба-ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда. Шуни унутмаслик керакки, миллий таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида модернизация қилиш, талаба-ёшларни билимли ва комил инсон этиб тарбиялашда бугунги тюторларнинг ўрни алоҳида  маҳим эканлигини унутмаслик керак.  

Тьюторларнинг асосий мақсади таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишда муассаса ва талабалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, талабаларнинг муассаса ҳаёти ва таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, уларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда талабаларнинг дарсларда ўз вақтида иштирок этишларини назорат қилишдан иборат.  

Шу билан бирга, улар йигит-қизларнинг дарс машғулотларини мунтазам таҳлил қилиб боради ва сифатини оширади. Уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлайди ҳамда ижтимоий аҳволидан доимий хабардор бўлиб туради.  

Тьюторнинг вазифаси талабаларнинг ташаббуслари ва қизиқишларини намоён қилиши учун майдон яратиб беришдан иборат. Бу умумий таълимнинг исталган даражаларига тааллуқли. Тьюторлик воситалари ёш хусусиятлари ва ўқитувчи ривожланишининг ижтимоий ҳолатига мос равишда ўзгариши керак.  

Умуман олганда, малака ошириш давомида тьюторларнинг дунёқараши кенгайиб, билим ва педагогик тажрибаси янада ошади. Тьюторлар талаба-ёшларнинг кўмакчиси сифатида маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбия, ўқув-услубий ва бошқа жараёнларда фаолият олиб боради.  

Бугунги кун тьюторлари фаол бўлиб, олийгоҳларда талабанинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашяпти. Уларнинг шахсий ривожланиши ва касбга йўналтириш, шунингдек, муаммо ҳамда камчиликларини ўрганиб, миллий ғоя ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбияламоқда.  

Наргиза ДЎСИМБЕТОВА,    

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги  

ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий  

фаоллигини ошириш маркази бош мутахассиси  

ЎзА