Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси Р.Бекмуратова томонидан сайёр очиқ суд мажлиси ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг тақдимномаси асосида ташкил этилган суд мажлисида жиноят содир этганлиги учун белгиланган тартибда жазо ўтаётган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш ҳамда ижтимоий ҳаётга қайта мослашиш йўлига қатъий кирган М. Қ. ва Д. Т., шунингдек, улар билан бирга жами 5 нафар шахснинг иш материаллари атрофлича кўриб чиқилди.

Суд жараёнида пробация хизмати томонидан тақдим этилган маълумотлар, судланган шахсларнинг хулқ-атвори, жамоат ҳаётидаги фаоллиги ҳамда қонун талабларига риоя қилиб келаётгани инобатга олинди.

Муҳокамалар якунларига кўра, суд томонидан мазкур шахсларнинг тузалиш йўлига ўтгани, қайта жиноят содир этмаслигига асосли ишонч мавжудлиги эътиборга олиниб, уларни муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири