Марғуба Ўринова – мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, Наманган вилояти Уйчи туманидаги Гулистон маҳалласида туяқушчиликка ихтисослашган “Elma straus” корхонасини ташкил этган.
– Ишни 7 бош туяқуш парваришидан бошладик, - дейди тадбиркор Марғуба Ўринова. – Туяқушларнинг маҳаллий шароитга мослашиши қийин кечмади. Дастлаб 15 та жўжа чиқардик. Жониворлар тўлиқ тухумга киргач, ўтган йилда инкубация орқали 40 та жўжа олдик. Тўғри, бу икки ҳисса кўп ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо, ўтган йилги карантин фаолиятимизда бироз панд берди.
Туяқуш – кони фойда жонивор ҳисобланади. 50 сантиметрли пати декоратив безак учун ишлатилади. Териси тимсоҳ териси каби сифатли, ташқи таъсирларга чидамли. Ундан пойабзал, сумка ва бошқа жиҳозлар тайёрланади. Танасидаги мойи оғриқ қолдириш хусусиятига эга. У косметика маҳсулотлари тайёрлашда ҳам кенг қўлланилади. Гўшти витаминга бой, парҳезбоп, иммунитетни мустаҳкамлайди. Таркибида холестерин миқдори кам. Қорамолникига қараганда тез пишади. Бир бош туяқуш рисоладагидек боқилса, 6-7 ойда гўштга тайёр бўлади. Ундан 35 килограмм лаҳм гўшт олиш мумкин. Ўн ойда 70-80 кило тош босади. Ҳар бош туяқушдан йилига ўртача 80-100 та тухум олиш мумкин.
[gallery-3142]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА