English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туябўғиз сув омборида 13 мингдан зиёд сув қуши кузатилди
23:01 / 2023-01-18

Шу кунларда Табиат ресурслари вазирлиги тасарруфидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирлар олиб борилмоқда.

Ёввойи ҳайвонларни қишнинг аёзли кунларидан асраш ва муҳофаза қилиш мақсадида ўтказилаётган ушбу тадбирларнинг амалий натижасини “Нурота” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқон тасвирида ҳам кўриш мумкин.

Гап шундаки, фотоқопқон қўриқхона ҳудудига қўйилган ем-хашак билан озиқланаётган ноёб тур, Халқаро Қизил китобга киритилган Қизилқум архарларини тасмага муҳрлади.

Қўриқхонада мавжуд ҳайвонлар ва эндемик турларни муҳофаза қилиш, ноқулай об-ҳаво шароитида уларни беталофат асраб қолиш мақсадида қўриқхона ходимлари томонидан тез-тез биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан буён ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш учун 500 кг дағал хашак, 1 тонна омухта ем ва 20 кг туз маҳсулот белгиланган ҳудудларга тарқатилди.Айни жараён изчил давом эттириляпти.

Яна бир тадбир вазирлик ҳузуридаги Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти, Фанлар Академияси Зоология институти олимлари ва Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари билан биргаликда амалга оширилди. Тошкент вилоятида жойлашган Туябўғиз сув омборида очиқ сув ҳавзалари сув қушларининг йиллик саноғи ўтказилди.

Ўрганиш давомида асосий қисми ёввойи ва қизилбош ўрдакдан иборат 13 мингданзиёд сув қуши кузатилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, саноқ кузатуви давомида мутахассислар қиз қуш, бигиз тумшуқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган кичик оқ қарқара, қорабошли балиқчи, оқ лайлакка ҳам дуч келишди.

Г.Сатторова, ЎзА